Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Оммавий ахборот воситаларида ҳозиржавоблик, таъсирчанлик ва холислик етишмайди

Термизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашувидаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” ҳамда жорий йил 15 ноябр куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги “Тартиб-интизом ва масъулиятни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш муҳитини мустаҳкамлаш – ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигининг асосий омилидир” номли маърузаларида оммавий-ахборот воситаларига юксланган устувор вазифалар ижросига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, марказий оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, тарғиботчилар иштирок этган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Р.Чориев, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ижодкор зиёлиларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг истеъдод ва изланиши, халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлидаги хизматлари муносиб рағбатлантирилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви адабиёт, маданият ва санъатни янги босқичда ривожлантиришнинг истиқболли йўлларини белгилаб берди. Президентимизнинг соҳага оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бундай юксак эътибор ижодкор зиёлиларни юртимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга ҳамоҳанг, халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёқарашини янада бойитишга масъуллик туйғуси билан яшашга ундамоқда.

Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз равнақи, юртимиз тараққиёти йўлида рўй бераётган янгиланишларни, одамлар турмуши ва руҳиятидаги ўзгаришларни кенг ёритишга интилмоқда. Миллий қадрият ва урф-одатларимизни тарғиб қилишга алоҳида аҳамият бермоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бироқ, бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлилига кўра, оммавий ахборот воситаларининг миқдор кўрсаткичини сифат кўрсаткичига айлантириш талаб даражасида эмас.

Иккита телевидение, битта радио, ўттиздан ортиқ босма оммавий ахборот воситаси, битта нашриёт фаолият кўрсатаётган вилоятда малакали кадрлар муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда. Босма нашрларда таҳлилий, ўқишли мақолалар жуда кам. Янгиликка интилиш сезилмайди. Вилоятда амалга оширилаётган илоҳотларни, юз бераётган янгилик ва ўзгаришларни аҳолига холис ва тезкор етказишда сусткашлик мавжуд. Айрим оммавий ахборот воситалари жамият олдида, Ватан олдида сўз айтиш масъулиятини чуқур ҳис этмаётир. Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси ва “Ишонч” телевидениесида мамлакатимизда қабул қилинган қарор, қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар номи, қабул қилинган санаси нотўғри талқин этилаётгани, бу каби камчиликларга босма оммавий ахборот воситаларида ҳам йўл қўйилаётгани ачинарлидир.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган аксарият кўрсатув, эшиттириш ва мақолаларда мавзу чуқур таҳлил қилинмайди, таъсирчанлик етишмайди. Юз берган жиноятнинг сабаб ва омиллари очиб берилмайди.

– Ҳаётимиз катта ўзгаришларга юз тутмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Н.Тўраев. – Шунга монанд одамлар руҳияти ҳам ўзгармоқда. Лекин, оммавий ахборот воситаларида бундай улуғвор ишлар тўлақонли акс этган таҳлилий мақолалар йўқ. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг олдини олиш мавзусида берилаётган материаллар сифати талабга жавоб бермайди. Туман ҳокимликлари нашрлари мазмунан саёз. Вилоятда мавжуд бундай муаммоларга чек қўйиш ва оммавий ахборот воситалари таъсирчанлигини ошириш учун журналистларимизни қайта тайёрлаш, уларнинг ихтисослашувига эътиборни кучайтириш, жойларда ўқув-семинарлари ташкил этиб, энг яхши таҳририят ва ижодкорлар тажрибасини оммалаштириш йўлга қўйилиши даркор.

Давра суҳбатида миллий ахборот медиа маконини ривожлантиришда журналистнинг ўрни ва масъулияти, маънавий юксалишда китобнинг ўрни ва китобхонлик маданияти тарғиботи масалалари ҳам муҳокама этилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

2 536






Все о погоде - Pogoda.uz