ЎзА Ўзбек

17.05.2018 16:57 Чоп этиш версияси

Оммавий қабуллар халқ манфаати учун

Оммавий қабуллар халқ манфаати учун Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, бир қатор вазирлик, қўмита, банк муассасалари ва бошқа идоралар раҳбарларидан иборат гуруҳ Хоразм вилоятида оммавий қабул ўтказди.

Мамлакатимизда давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, қувончу ташвишини теран ҳис қилган ҳолда улар билан ҳамнафас бўлишига бош омил сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари аҳолининг мамлакат тараққиёти ҳамда фаровонлигига қаратилган таклифлари, айниқса, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда кенг имкониятлар яратди. Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Ҳудудларнинг ўзида бўлиб ўтаётган оммавий қабуллар фуқароларни қийнаётган иқтисодий, ижтимоий муаммоларга барҳам берилишида самарали восита бўлиб хизмат қилаётир.

Хоразм вилояти Хонқа ва Шовот туманларида уларга ёндош туманлар аҳолиси билан бўлиб ўтган оммавий қабулда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишнинг самарали усули экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, бандлик, ишга қайта тиклаш, кредит олишга кўмаклашиш, тиббий хизмат, йўлларни таъмирлаш каби муаммоларга оид бўлди.

Ҳазорасп туманида яшовчи Гавҳар Нуриллаева фарзандларига уй қуриш учун ер майдони олишга амалий ёрдам сўради.

– Қизим эри билан ажрашганидан сўнг битта фарзанди билан ижарада яшаб келмоқда. Уй қуриш имкони бўлсада, ер майдони муаммо бўлиб турган эди. Бугунги сайёр қабулда ер ажратиб беришларини сўраб мурожаат қилган эдим, ижобий ҳал бўлди, – дейди Г.Нуриллаева. – Туман ҳокимининг қарори билан Б.Матризаев номидаги маҳалладан ер ажратиладиган бўлди. Мана шу ишларнинг бошида турган Президентимизга минг раҳмат.

Боғот тумани «Нурафшон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой Ёқубов эса маҳалласининг йўлларини таъмирлашда кўмак сўраб мурожаат қилди. Мазкур масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди, ижро учун аниқ муддатлар белгиланди.

12.jpg

14.jpg

– Қабулда маҳалладошларим номидан мурожаат қилдим, – дейди Ҳ.Ёқубов. – Маҳалламизнинг 800 метрдан ортиқ йўлидаги асфальт қопламаси йўқ бўлиб кетганига ўн йилдан ошди. Шу пайтгача ҳеч ким бу билан шуғулланмади. Қишда лой, ёзда чанг йўлда аҳоли жуда қийналади. Мурожаатимни раҳбарлар шу ернинг ўзида ҳал қилиб берди. Йўл қурилиши билан шуғулланувчи идораларнинг ходимлари маҳалламизда иш бошлайдиган бўлди. Энди йўлларимиз кенг ва равон бўлади.

Шовот туманидаги қабулда Хива шаҳри ва Хива, Шовот, Қўшкўпир туманларидан фуқаролар мурожаати тингланди. Қабулда, хусусан, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан меҳнатга лаёқати, жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг мурожаатлари бўйича муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шовот тумани Қиёт қишлоғида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони Рашид Авезов сайёр қабулда газ ва электр муаммоси бўйича мурожаат қилди. Унинг муаммоси ижобий ҳал этилгандан сўнг, туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари қабулида бўлиб, ҳуқуқий маслаҳат олди. Шунингдек, ногиронлиги бўлгани учун унга ер солиғидан имтиёз борлигини ҳам шу ерда билди.

Бу давлатимиз томонидан имконияти чекланган фуқароларнинг барча қатори фаровон, эмин-эркин ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратиш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

– Мен жуда хурсандман, – дейди Р.Авезов. – Кўп йиллардан буён давлат солиғини тўлиқ тўлаб келаётган эдим. Давлат солиқ органи ходимларига тегишли ҳужжатларни топширгандим. Ҳозирнинг ўзида мени ер солиғини тўлашдан озод қилди. Мана энди давлатимиз ғамхўрлиги туфайли оиламга қўшимча маблағ қоладиган бўлди. Оиламиз номидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига миннатдорлик билдираман.

Оммавий қабулда кўриб чиқилган масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА
8 138