Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 12:26 Чоп этиш версияси

Омбудсман – самарали мулоқот кўприги

Термизда “Давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда Омбудсманнинг роли” мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари С.Азимов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори катта маслаҳатчиси Ю.Бекер ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизни янги босқичда ривожлантириб, инсон манфаатларини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга кенг татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилиниб, қонун устуворлигини таъминлашга эътибор янада кучайтирилди. Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими яратилди. Давлат хизматининг очиқлигини таъминлаш, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизмлари жорий қилинди. Жамиятимизда юз берган бундай янгиланишлар одамларни ўйлантириб келаётган долзарб муаммоларни ўрганиб ҳал этиш ва уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган даврида вилоят фуқароларидан 41 мингдан ортиқ мурожаат тушган. Уларнинг 80 фоиздан кўпроғи маҳаллий ҳокимлик, масъул ташкилотлар ва Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси ва уни таъминлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти, Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсман ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги каби мавзуларда маърузалар тингланди.

– Тадбирда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини руёбга чиқаришда Омбудсман ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунчилик ва давлат дастурлари ижроси устидан Парламент ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишда маҳаллий кенгашлар депутатлари ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани айни муддао бўлди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Ф.Шарипов. – Бу Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этишимизга яқиндан кўмаклашади.

Тадбирда Омбудсманнинг давлат бошқаруви ва ҳокимият органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш, 2018 йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Омбудсман номига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилинди. Фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш хусусида фикр алмашилди.

– Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят фуқароларидан Омбудсман номига олти юздан ортиқ мурожаат бўлган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили А.Аҳмедов. – Мазкур мурожаатларнинг асосий қисми шахсий ва ижтимоий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлиб, уларда электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ, нафақа таъминоти, бандликка оид масалалар ўртага ташланган. Уларнинг аксарияти ижобий ечим топган. Муддат талаб этиладиган муаммолар тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.

Семинар доирасида сайёр қабул ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Қонун доирасида ўрганиб чиқиш учун ариза ва шикоятлар қабул қилинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 764






Все о погоде - Pogoda.uz