Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 14:23 Чоп этиш версияси

Олтинкўл туманидаги 56 маҳалла фуқаролар йиғини 4 секторга бўлиниб, белгиланган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда

Андижонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, жойларда муаммоларни ўрганиш, ҳал этиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 сектор самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш бўйича Низом ҳамда “Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили белгиланиб, тўрт секторга аҳолининг энг муҳим масала ва муаммоларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилди, масъулият ва жавобгарлик оширилди.

Олтинкўл туманидаги 56 маҳалла фуқаролар йиғини тўрт секторга бўлиниб, ҳудудларда туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари раҳбарлигида белгиланган ишлар тизимли равишда олиб борилаётир.

Ҳар бир сектор бўйича масъуллар таркиби, секторлар фаолиятини назорат қилиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари, мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилган. Секторлар фаолиятида уй-жой, коммунал, газ, сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ва транспорт қатновини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлик, оила ва маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлаш сингари қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туман ҳокими Б.Каримов раҳбарлигидаги биринчи секторга "Айрончи", "Сувюлдуз", “Чаққон-1”, "Қашқар", "Далварзин", "Жалабек", "Қўштепа", "Уйғур" сингари 20 маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Сектор ҳудудида қарийб 10 минг 500 хонадон бўлиб, 62 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилани ўрганиш бўйича махсус жадвал ишлаб чиқилган. Сектор таркибига жалб этилган масъуллар ҳар куни ана шу жадвал асосида оилаларга, корхона-ташкилотларга, таълим ва тиббиёт муассасаларига кирмоқда. Аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни ўрганмоқда. Фуқароларни қийнаётган масалалар жойида ҳал этилиб, амалий ёрдам кўрсатилаётир.

– Ўрикзор маҳалласидаги кўчалардан бири жуда аянчли аҳволда эди, – дейди "Далварзин" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Т.Солиев. – Ёзда чанг, тупроқ, қишда эса лой бўлиб, одамлар, айниқса, болалар жуда қийналарди. Сектор масъуллари бу масалада амалий ёрдам кўрсатди. Ҳозир ана шу 1 километрлик кўчага шағал ётқизилмоқда. Келгуси йилда асфальтлаш чоралари кўрилмоқда. Ишнинг бундай тез ва самарали ҳал этилаётганидан аҳоли беҳад хурсанд.

Президентимиз ташаббуси билан аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини янада ошириш, турли соҳалардаги муаммоларни жойида ҳал этишнинг замонавий ва самарали механизми йўлга қўйилгани халқимизнинг давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.

– Оёқларим оғриб, бир неча йилдан буён юролмай қолган эдим, – дейди Далварзин маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси М.Ғаниева. – Туманимиз ҳокими бошчилигида мутасаддилар келиб, суҳбатлашди, бундан кўнглим тоғдек кўтарилди. Айниқса, ногиронлик аравачаси берилганида хурсандчилигимдан кўзларимга дув-дув ёш келади, денг. Мендай бир кўнгли ўксик одамга шунча ғамхўрлик кўрсатаётганлар омон бўлсин. Мана шундай хайрли ишлар ташаббускори Президентимиздан беҳад миннатдорман.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 646






Все о погоде - Pogoda.uz