Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Олтиариқда музлатгичли омборхоналар сони 35 тага етди

Фарғона вилоятида қиш мавсуми учун мева-сабзавотлар сақлаш ва шу орқали ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга ихтисослашган музлатгичли омборхоналар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олтиариқ туманида 2017 йилда ўн бешта ана шундай омборхона ишга туширилди. Натижада тумандаги музлатгичли омборхоналар сони 35 тага етди. Бу 37 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш имконини беради.

Бироқ музлатгичли омборхоналар сони йил сайин кўпаяётганига қарамай, туманда ҳали ҳам мева-сабзавот сақлаш учун узун навбат, тирбандлик мавжуд. Бу эса туманда йилдан-йилга фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ердан мўл ҳосил олаётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, бугун олтиариқлик миришкорлар илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари ва ер илми билимдонлари ҳамкорлигида туманда ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби яратилган. Янги навлар яратиш, хориждан келтирилган янги уруғ ва кўчатларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш, маҳаллий ва минерал ўғитларни амалиётда қўллаш, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, иссиқхоналар барпо этиш, ҳар қарич ердан омилкорлик билан фойдаланиш, томорқа хўжалигидан бир йилда ўртача 3-4 марта ҳосил олиш борасида ўзига хос анъаналар шаклланган. Олтиариқда етиштирилган бодринг, турп, узум хорижда ҳам жуда харидоргир.

– Дастурлар доирасида яқин истиқболда туманда 85 миллиард 236 миллион сўмлик ҳамда 430 минг долларлик чет эл инвестицияси ҳисобидан лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда, – дейди Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов. – Масалан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича 100 истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳар бир йўналишда белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилиши юзасидан мунтазам тизимли мониторинг олиб борилмоқда. 2017 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 81 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 728 янги иш ўрни яратилди.

Бугунги кунда туманда 187 боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар тасарруфидаги интенсив боғлар 788 гектарга, токзорлар 215 гектарга етказилди. Натижада ўтган йили жаҳон бозорига Олтиариқдан 14 миллион 814 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.

Қувонарлиси, олтиариқлик фермерлар нафақат маҳсулот етиштириш, балки уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳам илғорлар сафида бўлишга интилишади. Туманнинг ёш фермерларидан бири Исоқжон Бойматов ўзи раҳбарлигидаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалигининг 300 тонна ҳажмга эга музлатгичли омборхонасидан унумли фойдаланмоқда. Олти гектар боғда узумнинг экспортбоп навларини парваришлаётган фермер 2018 йилда мева-сабзавот экспортидан катта даромад олишни режалаштирган.

– Ўтган йили мамлакатимизда биринчи марта Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган нуфузли анжуманда иштирок этдим, – дейди И.Бойматов. – Президентимизнинг маърузасини тинглаб, фаолият кўламини янада кенгайтиришни ният қилдим. Ҳозир фермер хўжалигимиз тасарруфида мевани қайта ишлаш, қадоқлаш цехини ишга тушириш ва тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш бўйича бизнес-режа тайёрлаяпмиз.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 599