ЎзА Ўзбек

23.05.2018 20:53 Чоп этиш версияси

“Олот” чегара божхона постининг имкониятлари кенгайди

Бухоро вилояти “Олот” чегара божхона пости қайта реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда вилоят ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари иштирок этди.

Вилоят божхона бошқармасига қарашли “Олот” чегара божхона пости юртимизни қўшни Туркманистон билан боғловчи йирик божхона постларидан биридир. У орқали асосан, Туркия, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига тегишли автотранспорт, юк машиналари ҳаракатланади.

Мазкур маскан 7 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бундан 21 йил аввал мукаммал таъмирланган эди. Ўтган давр мобайнида турли мамлакатлар билан иқтисодий соҳада алоқалар кенгайди. Бу эса чегара божхона постининг ўтказиш ва хизмат кўрсатиш имкониятларини оширишни тақозо этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистонга ташрифи давомида имзоланган келишувлар ижросини таъминлаш чоралари тўғрисидаги фармойиши билан тасдиқланган 2017-2018 йиллар давомида Ўзбекистон – Туркманистон давлат чегараларида “Олот-Фароб” назорат-ўтказиш пунктининг ўтказиш салоҳиятини ошириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чораларини кўриш топшириғи асосида амалга оширилган бунёдкорлик лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур объектни реконструкция қилиш ва техник воситалар билан жиҳозлаш ишларига 17,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

“Олот” чегара божхона постининг ўтказиш салоҳиятини юксалтириш мақсадида автотранспортлар кўриги айвон остидан ўтувчи йўлаклар сони ҳар икки йўналиш бўйича биттадан оширилди. Мобиль инспекцион-кўрик мажмуаси учун алоҳида бостирма қурилди. Постга кириш-чиқиш дарвозалари биттага кўпайди.

Шунингдек, пост инфратузилмасини ривожлантириш доирасида ҳудуддаги бино-иншоотлар қайта қурилди, постга кириш ва чиқиш жойларига янги автотарозилар ўрнатилиб, иситиш қозонлари ва ҳудудни ёритиш мосламалари замонавийларига алмаштирилди.

– Божхона назорати чоғида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежашда табиийки, замонавий техника воситаларидан фойдаланиш катта аҳамиятга эга, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев. – Бу борада божхона постида барча имкониятлар яратилди. Шунингдек, ҳужжатларни расмийлаштириш бинолари қурилди. Ходимлар учун мўлжалланган ётоқхона ҳам мукаммал таъмирланди. Бу эса, иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

2018 йилнинг январь-апрель ойларида “Олот” чегара божхона пости орқали жами 27 мингдан зиёд автотранспорт воситаси ҳаракатланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 минг 915 тага кўпдир.

Масканда кутиш заллари, кўрик биноларида барча шароитлар яратилгани, ҳар бир товар ва транспорт белгиланган тартибда, халқаро талаблар асосида назоратдан ўтказилаётгани мижозларни хурсанд қилмоқда.

Сиражи КЎПКАНАЛИ (Эрон):

– 22 йилдан бери катта сиғимли юк ташиш машинаси ҳайдовчисиман. Иш юзасидан дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Улардаги божхона постлари билан таққослаганда, реконструкция қилинган “Олот”даги қулайликларга ҳавас қилса, арзийди. Масалан, бу ерда юклар махсус рентген аппаратларида 5 дақиқага қолмасдан назоратдан ўтказилиб, ҳужжатлар тезда расмийлаштириб берилади. Мен божхона ишининг бундай тез ва сифатли бажарилишини бошқа давлатда кўрмадим.

Зулфия ҲАЙДАРОВА (Туркманистон):

– Божхона масканидаги шароитлар, ходимларнинг муомала маданияти менга жуда ёқди. Яна бир гап. Режимлардаги ўзгаришлар туфайли Ўзбекистонга бемалол келиб-кетишимиз мумкин бўлди. Илгари божхона декларацияларисиз 10 АҚШ долларидан ортиқ пул олиб кириш мумкин эмас эди. Энди 300 долларгача рухсат берилди. Эндиликда қариндошларимизнинг уйига кўпроқ совға-салом билан борамиз. Қайтишда у-бу нарса харид ҳам қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, реконструкция туфайли божхона постининг қатнов қуввати ошиб, транспортни расмийлаштириш учун сарфланадиган вақт бир неча баробар қисқарди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 816