Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 17:50 Чоп этиш версияси

Олий мажлис қонунчилик палатасида

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасида Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш, шифокорларнинг маданиятини, ишга бўлган масъулиятини ошириш, беморларга сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.

Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари ўтказилиб, уларда соғлиқни сақлаш муассасаларининг раҳбарлари ўз фаолиятлари ҳақида ахборот берди. Мазкур амалиёт тиббиёт муассасаларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини шакллантирди.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника негизида моддий-техника таъминоти, зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган намунавий фаолият юритувчи тиббиёт муассасасини ташкил этиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилди. Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Комиссия томонидан Жиззах ва Наманган вилоятлари аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати алоҳида ўрганилди.

Анжуманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида муаммо ва камчиликлар учраётгани таъкидланди. Малакали тиббий кадрлар етишмовчилиги ҳамон долзарблигича қолмоқда. Амалиётда соғлиқни сақлаш муассасалари устидан жамоатчилик назорати тўлақонли ўрнатилмаган.

Жорий йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувидан сўнг Комиссия фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Комиссия таркиби янгиланди. Шунингдек, ҳудудий ишчи гуруҳларининг янгиланган таркиби тасдиқланди. Бундан ташқари, Комиссия тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири, шу билан бирга унинг 2017 йилнинг август-декабрь ойлари учун иш режаси тасдиқланди.

Анжуманда тиббиёт муассасалари фаолиятига оид журналистларни қизиқтирган саволларга депутатлар томонидан жавоб қайтарилди.

* * *

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган қатор муҳим қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамалари якуни ва қонун лойиҳаларида партия позициясининг ифодаланиши бўйича ахборот берилди.

Энг долзарб қонун лойиҳалари партиянинг қуйи тузилмалари, бошланғич ташкилотлари фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказилди. Олинган таклифлар асосида ишлаб чиқилган партия сайловолди дастури ва электорат манфаатларини ифодаловчи аниқ позициялар фракция йиғилишида илгари сурилди. Ушбу таклифлар парламент қуйи палатасининг муҳокамасида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олинди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишда депутатлар томонидан инсон ҳуқуқлари устуворлигидан келиб чиқиб, тадбиркорлар фаолиятини ҳимоя қилиш қоидасининг қонунда акс этишига эришилди. Қонуннинг 8-моддасига тадбиркорларни ҳимоя қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари иқтисодий жиноятлар бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкум бўлса, улар билан учрашиш учун жазони ижро этиш муассасасига монеликсиз кириш ҳуқуқини кафолатловчи қоида киритилди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, унинг халқчил ва мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида қатор позицион таклифлар билдирилди. Ушбу таклифлар қонун ташаббускорлари томонидан тўлиқ қабул қилинди. Жумладан, фракциянинг қонун лойиҳаси таъсир доирасини кенгайтиришга доир таклифи инобатга олиниб, маҳалла институтига ҳам ушбу қонун талаблари мажбурийлиги белгилаб қўйилди.

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишга тақдим этилган таҳририда мурожаатларнинг шакллари аниқ белгилаб берилмаганлиги фракция аъзолари томонидан асослантирилгани боис қонун лойиҳасига мурожаатларнинг шаклларини, яъни мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақида янги норма киритилди.

“Болаларни уларнинг соғлиғига ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомилига етказиш юзасидан фракция томонидан берилган таклифлар ҳам инобатга олинди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 3-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ахборот маҳсулоти айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Фракция томонидан “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 2-моддасига Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган ҳолларда халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши тўғрисида киритилган таклиф инобатга олинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 590






Все о погоде - Pogoda.uz