ЎзА Ўзбек

16.04.2018 20:58 Чоп этиш версияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги номдаги қўмитаси инновацион ривожлантиришга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси эндиликда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, деб юритилади.

Аввал қўмитанинг фаолият доираси фақат ахборот соҳаси ривожланишига қаратилган бўлса, эндиликда инновацияларни қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётининг турли соҳаларига илғор технологияларни жорий этиш йўналишида ҳам иш олиб боради.

Мазкур ўзгариш мамлакатимизда инновацион ривожланиш жараёнларини жадаллаштириш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни шакллантиришга йўналтирилган комплекс тадбирлар дастурининг узвий босқичидир. Яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан инновацион фаолиятни рағбатлантириш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш учун институционал асос шакллантирилмоқда.

Инновацион ривожлантириш масалаларининг депутатлик корпуси масъулияти доирасига киритилиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, шунингдек, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳангдир.

Эндиликда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси Парламент даражасида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ишлаб чиқиш, амалга ошириш бўйича салмоқли ҳамда таъсирчан чора-тадбирларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси янги ташкил этилган Инновацион ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда соҳада ҳуқуқий, иқтисодий муносабатларни самарали бошқаришга, илмий-техник ва бошқа инновацион фаолият турларини яратиш, ўзлаштириш, амалиётга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Парламент қўмитаси фаолияти инновацион соҳа учун эксперт ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштириш, кенг жамоатчилик учун миллий инновацион инфратузилмани ривожлантириш йўлларини белгилаб олиш, ушбу соҳада самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятини яратади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
5 207