Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 20:15 Чоп этиш версияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги қонун лойиҳалари муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Экологик ҳаракатнинг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид давлат дастурида «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Йиғилишларда ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

"Жамоатчилик назорати ким томонидан амалга оширилади?" деган саволга қонун лойиҳасида тўрт субъект санаб ўтилган. Булар Ўзбекистон фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларидир. Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жамоатчилик назоратини ўтказишнинг бошқа ташкилий шакллари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Партия фракциялари аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қонуннинг кучга кириши мамлакатимиз фуқароларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Жамоатчилик назорати фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, қонун ҳужжатлари талабларига давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари оғишмай риоя этишини, улар олдида турган вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Ушбу қонунда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилаётгани таъкидланди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши биринчидан, хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишни кучайтириш, иккинчидан, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш, учинчидан, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди. Унга мувофиқ 2017 йил 1 июлдан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали, яъни диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура, диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими жорий қилинган.

Олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилиши ҳамда катта илмий ходим-изланувчилар институтининг тугатилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш зарурати пайдо бўлди. Шунга кўра таклиф этилаётган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги қонунларига ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ўзгартишлар киритиши назарда тутилган.

Фракциялар йиғилишларида «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон Республикасининг қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда маъқулланди. Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан фракциялар ва Экологик ҳаракат аъзоларининг тегишли позицияси шакллантирилиб, қарорлар қабул қилинди.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 852






Все о погоде - Pogoda.uz