ЎзА Ўзбек

07.08.2018 19:15 Чоп этиш версияси

Ғолиблар мамлакат босқичига йўлланма олди

Ғолиблар мамлакат босқичига йўлланма олди Андижонда "Энг улуғ, энг азиз" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Захириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма ва комедия театрида "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида ўтказилган танловда ёзувчи-шоирлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг 1 минг 300 дан зиёд ижодий иши кўриб чиқилди.

– Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлиги ва ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш керак, – дейди Андижон вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А.Султонов. – Қолаверса, барча йўналишлар бўйича иштирокчилар сони ўтган йилгидан анча кўплиги ҳам эътиборга сазовор.

Иштирокчилар истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканини, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, миллий қадриятларимизни бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.

2.JPG

Адабиёт йўналишида шоир Фарид Усмон (“Парвозга шайланган қалб” бадиий-публицистик асари ҳамда “Вақтичоғлик гуллари” шеърий тўплами билан), телерадио йўналишида Андижон вилояти телерадиокомпаниясининг “Ахборот” дастури ижодий жамоаси, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича “Андижоннома” газетаси бўлим мудири Акбаржон Назаров, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими дизайнери Темурмалик Абдуллаев ғолиб бўлди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА
6 871