Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 18:53 Чоп этиш версияси

Ҳоким ёшлар билан учрашди

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскарлар ва бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашди.

Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга жорий этилаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотлари муаммоларга жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. Баркамол авлод тарбиясида ёшларни, аввало, касбга йўналтириш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамият касб этади.

“Ватан келажаги сенинг қўлингда!” шиори остида ўтказилган мазкур учрашув ёшларни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этиш, улар қалбида юрт келажагига дахлдорлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилади.

Навоий вилоятида 2 олий таълим муассасаси, 47 касб-ҳунар коллежи, 4 академик лицей ва 355 умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Навоий шаҳридаги Ёшлар маркази, “Ёшлик” спорт мажмуаси, туман ва шаҳарлардаги замонавий спорт иншоотлари, сузиш ҳавзалари, турли йўналишдаги тўгараклар ёшлар ихтиёрида.

Ёшларни эзгу мақсад ва ғоялар атрофида бирлаштириш, уларнинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, тенгдошлари билан соғлом рақобат муҳити асосида илмий ва техник кашфиётларни амалга оширишда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўрни катта. Ҳаракатнинг вилоятдаги бошланғич ташкилотлари томонидан минглаб ёшлар қамраб олингани бу борадаги мақсадлар истиқболида муҳим омил бўлаётир.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларнинг жамиятда муносиб ўрин топишида ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан берилаётган махсус тавсияномалар муҳим роль ўйнамоқда. Мазкур имтиёз асосида улар олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида балл қўшилади.

Жорий йилда вилоятдан 900 дан ортиқ ёш муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган. Бир гуруҳи олий таълим муассасаларида ўқишга қабул қилинган. 280 нафар ёш ўз мутахассислиги бўйича ишлаётган бўлса, 22 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.

Вилоят ҳокими билан очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, турли имтиёзлардан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ёшларнинг имтиёзли банк кредитларидан фойдаланиши, иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият бошлаши учун кўмак бериш таклифлари таҳлил этилди.

Ханжар Ҳасанов ҳарбий хизматга қадар Навоий машинасозлик заводида меҳнат қилган. Учрашувда армия сафида йигитлик бурчини ўтаган ёш мутахассис ўзи ишлаган жамоага ишга тиклаш масаласида вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Мурожаат қатъий назоратга олинди. Навоий давлат педагогика институти талабаси Фаррух Намозов вилоятда китоб дўконлари сонини кўпайтириш таклифини билдирди. Вилоят ҳокими таклифни тасдиқлаб, айни йўналишда амалга оширилаётган янги лойиҳа ва режалар хусусида атрофлича маълумот берди.

Учрашув доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши қошидаги “Жасорат” клубининг 10 нафар аъзоси ёшлар ўртасида ташкил этилган тадбир ва лойиҳаларни юқори савияда ўтказиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги фаоллиги учун вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Ҳаракатнинг вилоят кенгашига 2016 йилдаги самарали фаолияти учун “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ва вилоят ҳокимлиги томонидан “Damas” автомобили берилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 538






Все о погоде - Pogoda.uz