ЎзА Ўзбек

10.05.2019 Чоп этиш версияси

Ҳоким – ким: иш бошқарувчими ё мутлақ ҳукмдор?

Ҳоким – ким: иш бошқарувчими ё мутлақ ҳукмдор?

Кейинги пайтларда маҳаллий ҳокимият тизимидаги камчиликлар, айниқса, ҳокимларнинг оддий фуқаро билан муносабати, аҳоли муаммоларини ҳал этишда эскича ёндашувдан қутила олмаётганлиги танқид қилинмоқда. Нима, бу муносабат илгари рисоладагидек эди-ю, энди ёмон бўлдими? 

Албатта, йўқ. Авваллари аҳвол бундан ўн чандон ёмонроқ эди. Оммавий ахборот воситаларининг анча эркин ва очиқ фаолият юритишига яратилган шароит амалдорларнинг кирдикорлари ҳақида очиқ сўз юритишга йўл очди. Юртдошларимиз энди “катталар”нинг ҳамма айтганларини ичга ютмасдан, эркин гапирадиган, журналист билан баҳам кўрадиган бўлди. 

Аҳоли туман, шаҳар, вилоят биринчи раҳбарларининг ўз зиммасидаги вазифаларни қандай бажараётганлигига, ўзгаларга бўлган муносабатига қараб давлатга баҳо беради. Демократик мамлакатларда аҳоли муаммоларининг 80 фоизи маҳаллий давлат органлари даражасида ҳал бўларкан. Президентимиз уқтиргандек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган бўлса, бу биринчи навбатда, маҳаллий бошқарув органлари фаолияти орқали намоён бўлмоғи лозим.

Бизда ҳокимлар вазифага тайинланганлигидан кўп ўтмасдан “бузила” бошланишига ёки халқимиз оддийгина айтгандек, оёғи ердан узилишига сабаб нима? Буни фақат уларнинг шахсий қусурлари билан изоҳлаб бўлмайди. Ахир, тайинлашдан олдин улар кўплаб текширувлардан ўтади-ку! Ёки текширувлар (текширувчилар) мезонида бир гап борми?

Бу ҳолнинг асосий сабаби жойларда биринчи раҳбарнинг ҳокими мутлаққа айланишига олиб келувчи шароит ва имконият яратиб қўйилганлигидадир. Улар нафақат аҳолига, балки ўзидан пастда турувчи давлат органлари олдида ҳисоботлар эмас ва танҳо мансаб пиллапоясида ўзидан юқори турувчилар айтганини сўзсиз бажаради. Шундан улар ўз фаолияти давомида “паст”га эмас, доимо “тепа”га қараб иш кўради.

Одамларни менсимаслик, ўз устидан назоратни йўқотиб, катта-кичик йиғилишларда ўзгаларни камситиш, ҳақоратлаш каби иллатлар баъзи бир ҳокимлар учун одатий ҳолга айланди. Олдинги ҳоким қабул қилган ҳужжатларни, айниқса, ер ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш, ер майдонларини бошқаларга бериб юбориш каби ҳолатлар ҳам талайгина. Бунга истаганча мисол келтириш мумкин. 

Ҳокимлар аҳоли ҳузурига бирор-бир масалани ҳал қилиш учун борса, ўзи билан прокурор ва ички ишлар органи бошлиғини олиб боради. Лекин улар доим ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муаммога дахлдор бўлмаслиги мумкин. Кўпчилик гувоҳ бўлган бўлса керак: ҳовли-жойни бузиш, фермерни топшириқни вақтида бажармадинг деб тергаш, бир тадбиркор мулкини бошқаси фойдасига олиб қўйиш лозим бўлган пайтда ҳоким ёнида ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбари ҳозир бўлади. Давлат бошқарув органи раҳбари ҳатто ноқонуний ҳаракат қилган пайтда улар – қонун посбонлари – жим туради. 

Кейинги бир-икки ой ичида ОАВда Пастдарғом тумани ҳокими билан боғлиқ бир қатор маълумотлар эълон қилинди. Улардан янги тайинланган ҳокимнинг бир фермердан балиқчилик хўжалигини олиб қўйиб, бошқа тадбиркорга бераётганлиги, ўша фермерни ҳақорат қилганлиги, унинг хотини эрини ҳимоя қилиш мақсадида гапирмоқчи бўлганида, ўша ерда ҳозир бўлган ИИБ ходими унга аралашмасликни талаб қилганлиги каби салбий ҳолатларни билиб олдик.

Биз ўзимизнинг ҳақли талабимизга жавобан масъул шахсларнинг ҳокимни қалқон қилишини кўп кўрганмиз, аниқроғи эшитганмиз. Ана шу амалдорлар “ҳоким айтди”, “бу ҳокимимизнинг топшириғи”, “ҳокимимиз шундай буйруқ бергандан сўнг сиз ҳам, биз ҳам нима қила олардик?” каби сўзлари билан ҳудуд биринчи раҳбарининг қонуний ёки қонунга зид талабини бажаради. 

Адолат юзасидан гапириладиган бўлса, ҳамма ҳоким ҳам сўконғич ва уронғич эмас экан. Маданиятли ва маънавияти юқори бўлган, бошқаларни камситишдан ўзини сақлай оладиган раҳбарлар ҳам оз бўлса-да, бор. Масалан, анча йиллар прокуратура тизимида ишлаган, сўнгра 15 йилдан кўпроқ вақт давомиди учта туманга ҳоким бўлган Баҳодир Саъдуллаевнинг сўкинганини ҳеч ким эшитмаган. 

Ёки Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов ҳам ёмон сўзлардан ўзини тийиб тураётган раҳбарлардан. У вазифага янги тайинлангач, шаҳар фаоллари билан бўлган учрашувда шундай деган эди: “Самарқанд азалдан маданият ва маърифат ўчоғи бўлган. Бу ерга сўконғич раҳбар ярашмайди, бу эски маънавият ўчоғи қўпол сўзни кўтаролмайди”. Ўшанда янги ҳоким ҳар бир раҳбардан фақат унинг эгаллаб турган мансабидан келиб чиқадиган вазифаларнигина бажаришни талаб қилишини таъкидлаган эди: “Ҳар бир киши ўз зиммасидаги юмушни вақтида бажарса, олам гулистон. Акс ҳолда, бундай раҳбар кимга керак? Сўкиш билан бундайларни тузатиб бўладими?”.


Шу вақтгача вазиятни ўнглаш мақсадида ҳокимларни алмаштириш тартиби амал қилиб келмоқда. Авваллари вилоят ҳокимлари ҳар уч-тўрт йилда ўзгариб турса, охирги йилларда уларнинг “ҳукмронлик” даври олти ой билан чекланаётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Туман ва шаҳар ҳокимларининг вазиятини бундан яхшироқ деб бўлмайди. 

Демак, бу ерда гап фақат биринчи раҳбарнинг шахсий қусурида эмас. Ҳудуд миқёсида раҳбар қўлига чекланмаган ҳокимият бериб қўйилганлиги уларни ўша ҳудуднинг мутлақ ҳокимига айлантириб қўймоқда. Бошқарув тизимини ўзгартириш орқали бу камчиликни тузатиш, ҳокимлар масъулиятини ошириш ва ҳисоботдорлигини таъминлаш мумкин бўлади. 

Маҳаллий давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш учун бу борада илгарилаб кетган давлатлар тажрибасини ўрганиш аҳамият касб этади. Масалан, демократик мамлакатларда давлат бошқарувининг барча бўғинларида ўзаро тийиб туриш ва қарши таъсир этиш (инглизчада checks and balances) тизими самарали амал қилади. Бу тизим манфаатлар мувозанатини сақлаб туришнинг муҳим омили саналади. Ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий тамойили ҳаётга жорий этиш учун бизда ҳам халқ депутатлари вилоят (шаҳар, туман) Кенгашлари ҳокимнинг бошқарувидан чиқарилиши лозим. Ҳоким фақат ижроия ҳокимиятининг раиси бўлиб қолмоғи шарт. Унинг ваколатига нималар кириши аниқ белгилаб қўйилиши зарур. Халқ депутати Кенгашини бошқа киши бошқарсин. Ҳоким Кенгаш олдида мунтазам ҳисобот бериб турсин. 

Ҳа, айтмоқчи, “ҳоким” атамасини ҳам ўзгартириш керак, назаримда. Вилоят, туман, шаҳарнинг биринчи раҳбарини “ҳоким” эмас, “раис” деб атасак. Масалан, “Самарқанд шаҳар ҳукумати раиси”. Хўш, нима дейсиз? Ёки бошқа таклиф борми?

Юқорида таъкидланганидек, демократик мамлакатларда аҳоли муаммоларининг 80 фоизи маҳаллий давлат органлари даражасида ҳал бўлар экан. Биз ҳам қачонлардир шунга эришармиз?! Аслида бошқариш жараёнида умумий манфаатни инобатга олиб иш юргизиш шунчалик мушкулми? Келинг, бу ҳақда кўп гапирмасдан, ҳаёт тажрибаси асосида билдирилган иккита фикрга қулоқ тутайлик. Улардан бирини машҳур ёзувчи, иккинчисини бошқариш тизимини ичидан билган АҚШ президенти айтиб ўтган. Агар Бернард Шоу “Умуман айтганда, ҳокимият одамларни бузмайди, аҳмоқлар ҳокимиятга чиқса, ҳокимиятни бузади” деган бўлса, Томас Жеферсон “Бошқариш санъатининг бор-йўғи ҳалол бўлиш санъатидан иборатдир” деган экан.

20 776
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, ЎзА