Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2018 21:10 Чоп этиш версияси

ОИТСга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди

ОИТСга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди Андижонда “ОИВ инфекциясининг диагностикаси, профилактикаси ва даволаш масалаларига замонавий ёндашувлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимиздаги даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари, олий ўқув юртлари мутахассислари, ёш олимлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Республика ва ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари вакиллари, инфекционист ва педиатрлар, қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек, Россия, Швейцария, Қозоғистон, Тожикистон каби ўнга яқин давлатдан мутахассислар иштирок этди.

4.JPG

Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур ҳужжат асосида ишлаб чиқилган 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг тарқалиши, ОИТС хасталиги келиб чиқишининг олдини олиш, самарали даволаш, мазкур йўналишда фаолият юритаётган муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

5.JPG

– Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад ОИВ профилактикаси, диагностикаси ва уни даволаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, илғор тажрибаларни ўрганиш, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори, профессор Н.Отабеков. – Ана шу йўналишда даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни, шунингдек, ОИВ инфекцияси муаммоси бўйича миллий илмий салоҳиятни кучайтириш кўзда тутилган.

Тадбирда “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият, ОИВ ва ОИТСнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар”, “Касалликнинг олдини олиш ва самарали даволаш бўйича жаҳон амалиёти”, “ОИВ инфекциясига тестдан ўтказишга янгича ёндашувлар – жаҳон амалиёти” сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

9.JPG

ОИТС хасталигига қарши курашиш комплекс дастурларини ишлаб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни юқори босқичда давом эттириш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
4 066