Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 11:41 Чоп этиш версияси

Оилавий зўравонлик –жамият дарди

Оилавий зўравонлик –жамият дарди

Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди, чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига (ҳаёти, соғлиги, шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги) дахл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши ва оиланинг ҳар қандай аъзосига нисбатан қўлланиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади. Қонун фуқароларни зўравонликнинг ҳар қандай туридан ҳимоялайди. 

Оилавий зўравонлик нима?

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида “оилавий-маиший зўравонлик” атамасига изоҳ берилмаган. Аммо халқаро миқёсда бу термин кенг қўлланади. Оилавий зўравонлик фақат бир мамлакат ва миллатга хос иллат эмас, у билан бутун дунё курашиб келади. Шунинг учун таърифни халқаро манбалардан келтирамиз.

Оилавий-маиший зўравонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларининг мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўравонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. Жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин.

Жаҳон миқёсидаги статистика ва умумий тенденцияларга назар ташласангиз, оилавий зўравонликдан асосан аёллар ва болалар жабр кўраётгани маълум бўлади. Лекин бу мутлақ характерга эга эмас, яъни оилада эркак кишининг ҳам аёли ёки ота-онанинг фарзандлар ёхуд бошқа оила аъзолари томонидан руҳий босим остида яшаб келиши кузатилади. Бу ҳам оилавий зўравонликнинг бир кўриниши саналади. Чунки, мазкур ҳолатда шахснинг бирламчи ҳуқуқлари бузилади, натижада жабрланган шахс жиддий психосоматик касалликлар орттириши ёки бошқа аянчли ҳолатлари рўй бериши мумкин.

Оилавий зўравонликнинг энг оғир оқибатларидан яна бири фарзандлар руҳий ҳолати ва ахлоқига етказиладиган жиддий зарардир. Кўпинча, болаларнинг ўзи ҳам оилавий зўравонлик қурбони бўлади. Кичик ёшдаги болаларда оилавий-маиший зўравонлик оқибатлари турли касалликлар шаклида намоён бўлса, ўсмир ёшдагилар орасида у ҳол суицид ҳолатларига олиб келиши ҳам кузатилади.

Бундан ташқари, таранг муносабатлар, нотинчлик, беқарорлик, мунтазам хавотир ва қўрқув туйғуси туфайли болалар тарбиясида ва руҳиятида жиддий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бу келажакда салбий оқибатларга олиб келиши шубҳасиз.

Бизнинг менталитетда оила олий қадрият саналади. Фарзандлар катталарга ҳурмат, анъаналарга содиқлик руҳида тарбияланади. Бироқ шу ўринда бола ҳуқуқи ва шахс эрки масалалари эътибордан четда қолади. Ваҳоланки, Ўзбекистон ҳудудида туғилган ҳар бир бола ҳаётининг илк дақиқалариданоқ қонун ҳимоясидадир.

Шу сабабли “оилавий зўравонлик” атамасига таъриф берилганда қамровни кенгроқ олиш лозим бўлади.

Оилавий зўравонлик сабаблари нимада?

Ҳар бир оилавий зўравонликнинг ўзига яраша сабаблари бор. Аммо уларга олиб келувчи омиллар қатор умумийликка эга.

Ўзбекистон шароитида оилавий зўравонликни характерловчи қуйидаги асосий хусусиятлар фарқланади:

а) зўравоннинг жисмонан кучлилиги (кўпинча эркакнинг аёлга, ота-онанинг фарзандга нисбатан зўравонлиги);

б) зўравонликнинг бир шахсга нисбатан кўпчилик бўлиб содир этилиши (учинчи шахсларнинг аралашуви);

в) жабрланган шахснинг муаммо билан ёлғиз қолиши (ҳуқуқий саводсизлик, ижтимоий ёлғизлик);

г) жабрланган шахсга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш механизмининг заифлиги;

д) сабаблар эмас, вазиятлар билан шуғулланиш (вақтинчалик яраштириб қўйиш, муаммони локал ҳал қилиш, туб сабабларни ўрганмаслик).

Яқинда ҳудудларимиздан бирида аёллар (асосан келинлар) ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 14 фоизи оила аъзолари томонидан камситилиши ва эри томонидан ҳақоратланишини, 9 фоизи оилада куч ишлатилгани ёки калтакланганини маълум қилишган.

Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёлларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйганлиги ва рўзғорга масъулиятсиз эканлигини билдиришган.

Маълумотлардан кўриниб турибдики, қийин иқтисодий ва маиший шароитда оиладаги ички муҳит ҳам зўравонликка олиб келиши, бу эса, ўз навбатида, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни юзага келтириши мумкин.

Нима учун оилавий зўравонликка барҳам бериш қийин?

Сабабларни мушоҳада қилганда, менталитетга хос хусусиятларни эътибордан қочирмаслик лозим. Ўзбек оилаларида шахсий ҳаёт, оилавий сир – муқаддас ва халқимиз бу маънода анча консертив ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда кўпчилик ҳолатларда оиладаги зўравонлик оиладан ташқарига чиқмайди.

Ўзбек оилалари одатда кўп аъзолик, яъни нафақат эр ва хотин, балки уларнинг қариндошлари ҳам муносабатлар занжирида муҳим роль ўйнайди. Қайнона, қайнота ва бошқа қариндошларнинг оиладаги келинга зулм қилиши, унинг сўзсиз бўйсунишини, ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмаслигини исташи ёки ота-онанинг фарзандга, келинларнинг бетоб қайнона ёки қайнотага босим ўтказиши каби ҳолатлар кузатилади. Афсуски, ана шу вазиятлар аксар ҳолларда жавбрланувчининг ўз жонига қасд қилишига ёки охирги, критик нуқтага етиб боргунча зулмга бардош бериб, жиддий тан жароҳатлари, руҳий зарбалар олишига, соғлиғини тикланмас даражада йўқотишига сабаб бўлади.

Қолаверса, жамиятда бировнинг ички ишига аралашмаслик, ўз тинчини ўйлаш, муаммога бепарволик ва тоқатлилик ҳолатлар мавжуд. Оилавий зўравонлик назоратдан чиқиб, муаммо катталашгач, қилинган мурожаатлар кўпинча участка нозири ёки маҳалла фуқаролар йиғинида тезда ёпилади, сабаблар ўрганилмайди, фақат ўша вазиятнинг ўзигагина тааллуқли, вақтинчалик чоралар билан чекланиб қолинади. Натижада муаммо чуқурроқ илдиз отиб бораверади.

Ачинарлиси кўпинча жабрланувчининг ўзи мурожаат қилмайди ёки ишни жавобгарни жазолашгача олиб бормай, даъвосини қайтариб олади. Жазоланмаган жиноятлар эса такрорланиши сир эмас.

Бошқариб бўлмайдиган, киши ҳаётига хавф туғдирадиган, уни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказадиган оилавий зўравонлик катта ижтимоий муаммога айланиб бормоқда. У билан давлат миқёсида курашиш лозим.

Ўзбекистон оилавий зўравонликка қарши

Ўтган йили мамлакат парламенти бировни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирди. Аммо бу юртимизда оилавий-маиший зўравонлик борасидаги аҳволни яхшилашга сабаб бўлди, деб айтолмаймиз. 

Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонунлар – 2016” деб номланган ҳисоботида айтилишича, ҳозирда дунёдаги 46 мамлакатда оилавий зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ. Улар орасида МДҲ ҳудудидаги уч мамлакат – Россия, Арманистон ва Ўзбекистон ҳам бор. 2017 йилда Арманистон оилавий зўравонликка қарши қонун лойиҳасини қабул қилди ва рўйхатдан чиқди. Ўзбекистон ҳам ҳадемай бу рўйхатдан чиқади!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлда имзоланган “Ижтимоий реаблитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Адлия вазирлиги олдига “Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди, яъни муаммо давлат раҳбари назоратига олинди.

Қандай жавобгарлик бор?

Оилавий зўравонлик бўйича қонунчиликка доир жаҳон тажрибасига назар солсак, қатор эътиборли фактларга дуч келамиз. Масалан, Буюк Британияда зўравонлик оилада, уй ичида содир этилган бўлса, судлар буни ишни оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолайди. Судларнинг ҳукм чиқариш учун йўриқномасига 2006 йили бу ҳақида махсус банд қўшилган. Шунингдек, оилада зўравонлик амалга оширилгани ҳақида арз билан ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилинса, полиция гумон қилинаётган зўравонни 48 соатга шу оила хонадонидан олиб чиқиб кетиши мумкин.

Оилавий-маиший зўравонлик ҳолатлари жиноий ва маъмурий қонунчилик доирасида таснифланади. Зўравонни жазолаш нафақат шу оиладаги муаммога чек қўйиш, балки бутун жамиятни тарбиялаш учун керак. Жавобгарлик зўравонликни тизгинлаб турувчи омиллардан бири саналади. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда зўравонликка нисбатан, яъни туҳмат, ҳақорат қилиш, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш, енгил тан жароҳати етказиш ҳамда майда безорилик содир этганлик учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда маъмурий жарималар солишга ва ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш жазолари кўзда тутилган.

Ҳар қандай зўравонликка жавобгарлик жиноятнинг ўзига мутаносиб бўлиши қонунчилигимизда қатъий белгиланган.

Жиноят кодексида ҳам зўравонликка нисбатан, яъни қасддан баданга енгил шикаст етказиш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, қийнаш ва жабрланувчига доимий равишда руҳий босим ўтказиб, уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима, икки юз қирқ соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари, бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ва бир йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Юқорида Буюк Британия тажрибасидан келтирилган мисолда зўравонлик оилада содир этилса, жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қабул қилиниши намоён бўлди. Ўзбекистонда эса оиладаги зўравонлик етарлича баҳоланмайди, эътиборга олинмайди. Аслида қонун олдида оилавий ришталар қандайлигидан қатъий назар, барча тенг ҳуқуқлидир. Кўчадаги бегона инсонни ҳақоратлаш ёки унга тан жароҳати етказиш қандай жавобгарликка тортилса, оиладаги шахсга нисбатан зўравонлик ҳам шундай жазоланади.

Айни кунда Адлия вазирлиги томонидан тайёрланаётган “Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида оилавий-маиший зўравонликка олиб келадиган барча сабаблар ҳамда унинг ҳар қандай кўринишлари қамраб олинади. Энди ҳуқуқ-тартибот органлари оилавий зўравонлик ҳақидаги мурожаатларни қабул қилмасликка ҳаққи йўқ. Ҳар бир ҳолат учун маъмурий ёки жиноий иш очилади, ҳеч бир жабрланувчи ва гумонланувчи эътибордан четда қолмайди.

Ҳар бир инсон қонун ҳимоясида. Ҳуқуқини билган инсон эса бу ҳимояни яхши ҳис этади ва ундан вақтида фойдалана олади. Зўравонликка тоқат қилманг. Йўқ денг ва чора кўринг. Зеро, инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун.

Ўзбекистон Республикаси 
Адлия вазирлиги

ЎзА
29 979