Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 10:10 Чоп этиш версияси

Оилавий поликлиникаларда марказлашган маълумотлар базаси, электрон амбулатор карталар тизими йўлга қўйилди

Оилавий поликлиникаларда марказлашган маълумотлар базаси, электрон амбулатор карталар тизими йўлга қўйилди
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “ЎзМедИнфо” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш республика маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида соҳага ахборот технологияларини жорий этиш, тизимда интерактив хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида “Соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари мажмуасини яратиш ва соғлиқни сақлаш миллий интеграциялаштирилган ахборот тизими (ССМИАТ “Соғлиқни сақлаш” АТМ)ни ривожлантиришга қаратилган ишлар шулар жумласидандир.

"ЎзМедИнфо" маркази томонидан вазирлик тизимида фуқаролар мурожаатларини қабул қилувчи 1003 қисқа рақамли "ишонч телефони" ҳамда www.ssv.uz ва www.pm.minzdrav.uz виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли саломатлиги сифатли ҳимоя қилиниши даражасини назорат қилиб бориш, тиббий ёрдам сифатини янада юксалтириш, тиббиёт тизими ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракат содир этишининг олдини олишдир.

8.jpg

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 17 августдаги “Ягона электрон рўйхатга олиш ва Интернет тармоғи орқали шифокор қабулига ёзилиш “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими (ААТ)ни ишга тушириш тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ, пойтахтимиздаги аксарият оилавий поликлиникаларда марказлашган маълумотлар базаси, электрон амбулатор карталар ва касаллик тарихи кабиларга эга тизим фаолияти йўлга қўйилди.

2.JPG

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий web сайти орқали (httр: reg.minzdrav.uz ва ssv.uz) фуқаролар шифокор қабулига ёзилиши, шифокор ва муассаса ҳақида маълумот олиши мумкин. Айни пайтда аҳолида тиббий хизмат олингандан сўнг тиббий хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш имконияти ҳам мавжуд.

Тизим оилавий поликлиникаларда автоматлаштирилган ҳолда рўйхатга олиш, ягона электрон амбулатор тиббий картани юритиш, аҳолига эса онлайн усулда, яъни уйдан чиқмасдан яшаш жойи бўйича оилавий поликлиника шифокори қабулига ёзилиш, фуқарога қулай вақтда текин тиббий хизмат олиш имконини бериши билан афзалдир.

3.JPG

– Жорий йилда электрон амбулатор тиббий картага босқичма-босқич ўтиш ишлари бошланиши режалаштирилган, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев. – Бу янги инновацион тизим шифокорнинг амбулатор тиббий карта ёзишга кетадиган вақтини сезиларли даражада қисқартиради. Бундан ташқари, “Кадрлар ресурсларини бошқариш”, “Муассасаларнинг паспорт ҳисоби ягона тизими” автоматлаштирилган ахборот тизимлари, шунингдек, донорлар ва донорликдан четлатилган шахслар ҳақида, донорлик қонининг ҳисоботи ва тақсимланиши каби бир қатор маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бўйича ахборот тизими йўлга қўйилди. Келгусида юқумли касалликлар эпидемиологик мониторинги, психоневрологик ва наркологик диспансерлардан “Маълумотнома олиш учун электрон ариза бериш” автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Умуман, 2020 йилга қадар “Электрон соғлиқни сақлаш” тизими йўлга қўйилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ягона дарча” орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактив усулларига ўтиш йўли билан юртимизда тиббий хизмат сифати замонавий талаблар даражасига олиб чиқилади.

4.JPG

Пойтахтимизда бугунги кунда 61 та оилавий поликлиника ва 11 та кўп тармоқли поликлиника мавжуд бўлиб, оилавий поликлиникаларнинг 56 тасида, кўп тармоқли поликлиникаларнинг эса 7 тасида мазкур тизим йўлга қўйилган. Шунингдек, Наманган, Бухоро, Қарши ва Нукус шаҳарларидаги оилавий поликлиникалар ҳам ана шундай замонавий тизимда фаолият кўрсатаётгани эътиборга молик.

– Авваллари бундай жараённи фақат хусусий клиникалардагина кузатиш мумкин эди, – дейди Яккасарой туманидаги 59-оилавий поликлиника бош шифокори Раъно Носирова. – Бизнинг шифо масканимизда ҳам “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилган. Бунда шифокор электрон амбулатор картасидаги аввалги ёзувига ўзгартириш киритиши иложсиз эканини таъкидлаш жоиз. Муассасамизнинг бундай замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада самарали ва тезкор ташкил этиш имконини бераётир. Тез тиббий ёрдамнинг туман оилавий поликлиникаларига бириктирилгани фаолиятимиз сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Эндиликда хонадонга борган тез тиббий ёрдам шифокори беморнинг ҳолати тўғрисида ёзма чақирув қоғози орқали туман оилавий поликлиникасига маълумот беради ва участка шифокори бемор ҳолатини жиддий назоратга олади.

6.JPG

– Ягона электрон рўйхатга олиш ва интернет тармоғи орқали шифокор қабулига ёзилиш “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими вилоятларда ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда, –дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази раҳбари Дилшод Усмонов. – Айни пайтда вилоятларда 119 та оилавий поликлиника бўлиб, уларнинг 63 таси “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимига уланган. 184 та марказий кўп тармоқли поликлиникаларнинг эса 23 тасида шундай тизим йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида жойлардаги тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни малакали мутахассис-кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, шифо масканлари босқичма-босқич замонавий реанимобиллар билан таъминланиб, мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларини битирган ёшлар ўзларининг доимий яшаш жойига йўлланма асосида ишга юборилаётгани юртимизнинг барча ҳудудларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтириш, энг муҳими, халқимиз саломатлигини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.

Умида Қурбонова, ЎзА
16 249