Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 18:15 Чоп этиш версияси

Оилавий ажралишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 мингга камайишига эришилди

Оилада фарзанд туғилиши қувончли воқеа бўлиши билан бирга ота-она зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди. Бош қомусимизда эътироф этилганидек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Буни чуқур англаб, боласини рисоладагидек вояга етказганлар роҳатини кўради. Лекин орамизда бундай масъулиятдан мосуво одамлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, эр ва хотин ажрашиб кетса, фарзанд тақдири кўп ҳолларда аянчли кечади. Айримлар алимент тўлаш билан зиммасидаги масъулиятни бажаргандек бўлади. Аммо болага зарур бўлган ота меҳри, маънавий қўллаб-қувватлаш унут бўлиб бораверади. Янада аянчлиси, алиментдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бу, ўз боласининг ризқига хиёнат эмасми?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси иш юритувида алимент ва даврий тўловларни ундириш бўйича жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 24 мингдан зиёд ижро ҳужжати мавжуд бўлган. Алимент қарзидан бўйин товлаган 24 шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Миллий матбуот марказида “Бола ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, 22-Меҳрибонлик уйи вакиллари иштирок этди.

– Аждодларимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни авайлаб-асрашга ҳаракат қилган, – дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова. – Бундай қадриятларни қадрлаш ва давом эттириш, ёшлар онгига чуқур сингдириш даркор. Таассуфки, ёшлар орасида қадриятларга беписандлик, катталарга қулоқ солиш ўрнига уларни менсимаслик каби такаббурлик ҳолатлари учраб туради. Айниқса, оила қураётган йигит ва қизлар сал ўтмай арзимас сабаблар билан ажрашишга қарор қилади. Ана шундай ёшлар билан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида бевосита иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Натижада оилавий ажралишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 мингга камайишига эришилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Аҳрор Ҳошимжоновнинг айтишича, ота-она вояга етмаган фарзандларини тарбиялаш, таълим бериш ва моддий таъминлаши шарт. Ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаганларга нисбатан суд қарори ёки буйруғига асосан алимент ундириш белгиланади. Жиноят кодексида эса вояга етмаган болаларга таъминот беришдан бўйин товлаган, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида қабул қилинган суднинг ҳал қилув қарорини уч ойдан ортиқ муддат мобайнида бажармаган ота-оналар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур судда фарзанд олдидаги мажбуриятни бажармаганлик билан боғлиқ беш юздан зиёд иш кўрилган. 32 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида юзага келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси, бандлик, маҳалла, ёшлар ташкилотлари ҳамкорлигида “Суд қарорларини ижро қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш тўғрисида”ги қўшма фармойиш қабул қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида суд қарорларини ижро этиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар дастури тасдиқланган. Шу асосда алиментларни тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорлар билан мунтазам равишда жамоатчилик ўртасида муҳокама ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу таъсирчан механизм амалда ўз самарасини бериб, кўпчиликнинг бола олдидаги масъулияти ошишига кўмаклашмоқда.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволлларга жавоб қайтарилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 928






Все о погоде - Pogoda.uz