Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 15:54 Чоп этиш версияси

Оиласидан кўнгли тўқ одамнинг ишида унум бўлади

Оиласидан кўнгли тўқ одамнинг ишида унум бўлади
Гулистонда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси хизматчилари оила аъзолари учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташаббуси билан Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш бошқармалари, ФҲДЁ бўлимлари масъуллари, тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Тадбирдан кўзланган мақсад – ҳарбий хизматчилар оиласининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш, турмуш шароитини янада яхшилаш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашишдан иборатдир. Оиласи тинч, хонадонида ҳаловат бўлган инсоннинг кўнгли тўқ бўлади, зиммасидаги масъулиятни оғишмай бажаради. Шу нуқтаи назардан, ҳарбийлар оилаларига барча шароит яратиб бериш муҳим саналади. 

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўзларини қийнаётган баъзи муаммолар ҳақида сўз юритди. 

– Турмуш ўртоғим ҳарбий бўлгани сабаб хизмат юзасидан Гулистон шаҳрига кўчиб келдик, – дейди Барнохон Эшонова. – Маълумотим олий, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчисиман. Яшаш жойимизга яқинроқ мактабдан иш топсам, яхши бўларди. Фарзандларим ёш – узоққа қатнаб ишлаш, уларни эрталаб боғчага топшириш, кечқурун олишда вақт масаласида муаммо юзага келади. Мана шу муаммони бартараф этишда амалий ёрдам сўрадим. Вилоят халқ таълими бошқармаси ходимлари вазиятни ўрганиб, масалани ижобий ҳал қилишга ваъда беришди. 

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари кўтарган шу каби масалалар вилоят, шаҳар ва туман мутасаддилари томонидан қисқа муддатда ва тегишли тартибда ҳал этиладиган бўлди.

Тадбир доирасида китоб ярмаркаси ташкил этилди. 

3.JPG

7.JPG

10.JPG

А. Қаюмов, Ф. Тошматов (сурат), ЎзА
2 684