Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 17:48 Чоп этиш версияси

Оила мустаҳкамлигидан – мамлакат барқарорлиги сари

Оила мустаҳкамлигидан – мамлакат барқарорлиги сари
Юртимизда қадимдан оила муқаддас саналган. Шу боис халқимиз оилага жуда катта эътибор қаратади. Бу юртда асрлар давомида ор-номусли, оиланинг шаъни, обрўсини сақлаган, аҳил оилалар эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиб келган. 

Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Мамлакатимиздаги барча миллат вакилларидан таркиб топган фуқаролик жамияти учун оила мустаҳкамлиги ва фаровонлиги – мамлакатимиз барқарорлиги демакдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф қилишга йўналтирилган.

Концепцияда оила институтини такомиллаштириш бўйича комплекс ёндашув асосида чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жараёнда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини ҳамда фаоллигини таъминлаш мақсадида қатор йўналишлар белгиланган.

Унда оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш кўзда тутилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, Оила ва аёллар комиссияси ҳам бу жараёнда қонунчилик фаолияти доирасида барча давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда бажариладиган ишларни режалаштирмоқда.

Дилором Файзиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Оила ва аёллар комиссияси раиси

ЎзА
2 970