ЎзА Ўзбек

08.06.2018 16:16 Чоп этиш версияси

“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг бошқарма бошлиқлари учун семинар ўтказилди

Пойтахтимизда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқарма бошлиқлари учун семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мазкур ўқув курслари илк бор ташкил этилди.

Ўн кун давомида мутахассислар замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, оилалардаги барқарор муҳитни таъминлаш юзасидан билимларини мустаҳкамлади.

Шу билан бирга поликлиникалар, маҳаллалар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишда иштирок этиш, ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар бериш, ажралишларнинг олдини олишга оид йўналишлар белгиланди.

Семинар давомида соҳадаги ишларни тартибли йўлга қўйишдаги камчиликлар ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга ижобий тажрибалар таҳлил қилинди. Эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, никоҳолди тиббий кўрикларни самарали ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 677