Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 18:16 Чоп этиш версияси

Оила бахти – икки ёш саодатида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир" номли маърузасини ўқиб

Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган урф-одат ва анъаналари хусусида гап кетганда беихтиёр кўз ўнгимизда тўю томошалар, инсонийлик ва меҳр-оқибат тушунчаларини жамлаган маросимларимиз намоён бўлади. Зеро, ушбу маросимларда халқимизнинг асрий удумлари, турмуш тарзию юксак маънавияти мужассам.

Аммо тан олиш керакки, тўй-ҳашамларда йўл қўйилаётган исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик сингари салбий ҳолатлар миллатни таназзулга етаклайдиган иллат сифатида кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Кимўзарга тўй қилиб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топаётган айрим кимсаларнинг касрига бугун тўй-маъракалар бойликни кўз-кўз қилиш тадбирларига айланиб қолмоқда.

Тўйлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар шу даражада урчимоқдаки, Президентимиз ўз маърузасида таъкидлаганидек, бу минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Масалан, Андижон вилоятини олайлик. Ушбу вилоятда тўй арафасида қудалар томонидан келин хонадони зиммасига минглаб харажат юкланади. Тўйдан олдин қиз узатаётган оиладан икки вакил куёв хонадонига бориб, ҳовли-жойнинг ўлчамини олади, пардасию гиламларининг ранги, мебель, ошхона анжомларидан тортиб сўнгги русумдаги маиший техникагача куёв томоннинг талабларини эшитади. Яна бир удум бор – “мазар оши”. Яъни, келин томон куёв жўраларга юборадиган тортиқ билан боғлиқ одат. Совға 30-40 сават кўринишида бўлиб, унда кийим-кечак, ҳатто уяли алоқа воситаларидан тортиб, сигарету гугуртгача учратиш мумкин. Тўй ўтгач, келиннинг ота-онаси қирқ кунгача 2-3 маҳал тансиқ таомлар билан қизини йўқлашга мажбур.

Афсуски, бундай “одат”лар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди.

– Одатда куёв томон карнай-сурнай садолари остида қиз хонадонига бораркан, маҳалла-кўйни тўй ҳақида яна бир бор хабардор қилишни мақсад қилади, – дейди Республика “Оила” илмий-амалий маркази илмий ходими Мастура Раҳмонова. – Шу боис “куёв навкар” ибораси ҳаммамизга таниш. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида жиддий бир масалага алоҳида эътибор қаратди. Тошкент шаҳрида “келин навкар” деган янги одат пайдо бўлди. Келиннинг ота-онаси ёшларнинг никоҳдан ўтиши ва боғ оралаб суратга тушиши, турнақатор автомобилларда юриши учун қизига қўшиб ўнлаб дугоналарини ясантириб, кийинтириши керак экан. Бундай маънисиз русумларнинг бари айрим ота-оналарнинг асоссиз орзу-ҳавас кетидан қувиши ёхуд фарзандининг бачкана хархашаларига кўниши оқибатида келиб чиқмоқда. Қудалар ўртасидаги совуқ муносабат, қайнона-келин низолари, турмушдаги қўйди-чиқдиларнинг асл сабаби ҳам шундан.

Оила бахтини икки ёшнинг саодатида деб билган ота-боболаримизнинг тўйни камхарж, ихчам ўтказиш борасидаги насиҳату ўгитларида чуқур маъно мужассам. Ачинарлиси, кейинги вақтларда оилавий маросимлар шуҳратпарастликка, ўзини кўз-кўз қилишга айлантириб юборилаётгани ёшларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатаётир.

Кечагина қизларимиз тўйдан олдин йигит билан учрашишни ўзи учун уят санаганини бир эслайлик. Бугун кўпчилик қизлар тўйга қадар бўлажак турмуш ўртоғи билан қаерларга боргани, қандай кўнгилхушликлар қилганини “Севги тарихи” деган лавҳалар орқали намойиш этишни ўзларига эп кўрмоқда. Ёки миллий қўшиғимиз – “Ёр-ёр” садолари остида бўлса-да, ибо ва ҳаё либосини тарк этган кўйи елкаси, юзи очиқ даврага кириб келишаётир. Куёвлар эса “оломонча маданият” таъсирида келин билан рақс тушиб, ўз жуфтини кўз-кўз қилаётгани маънавиятимиз илдизига урилаётган болта, назаримизда.

Ўйлаб қоласан киши: бундай иллатлар бугун ҳаётимизга қаердан кириб келмоқда? Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек: “Ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

Истиҳола бўлса-да, айтиш жоиз. Кейинги пайтларда тўйлардаги ортиқча одатларни аёллар ўйлаб топаяпти дейишга одатланиб қолдик. Аммо оила бошлиғи сифатида эркаклар ҳам бунга тенг жавобгар эмасми?! Афсуски, айрим эркаклар оиладаги ўз вазифаларини унутиб қўйгандек. Бир замонлар ота уйидан келин бўлмишнинг тугун кўтариб келишини ор санаган йигитларимиз, бугун эшик ёнида туриб тоғора санашгача бормоқда. Қайнотасининг совғасини обрў санаш тобора урф бўлмоқда. Замонавий куёвтўраларнинг чой ичаётган пиёласидан тортиб уйидаги гиламигача, кийган кийимидан кўрпа-ёстиғигача келин келтираётгани улар учун оддий ҳол.

Президентимиз таъкидлаганидек, тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масаладир. Зеро, бу фикрда чуқур маъно мужассам. Тўй-ҳашамлар асрий урф-одатларимиз сифатида жамиятдаги ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий муносабатларга ўз таъсирини ўтказади. Айниқса, унинг таъсири оилада янада яққол намоён бўлади.

...Мадина оилада тўнғич фарзанд эди. Қўли гул тикувчи қизнинг эшигидан совчилар аримасди. Шундай ташрифларнинг бирида хонадон улуғлари ёшларга бахт тилаб қўлларини дуога очишди, тенги чиққан қизнинг фотиҳаси бўлди. Аммо...

Тўй билан боғлиқ харажатлар ва Мадинанинг қўйган талаблари куёв томонни бироз ўйлантириб қўйди: никоҳдан ўтиш ва ундан сўнг сайрга чиқиш учун турнақатор уловлар, урфдаги тўй либоси ва муҳташам кошонада тўй оқшоми. Яхши ният билан ака-укаларнинг тўйини бир кунда ўтказиш борасидаги қуда тарафнинг таклифи ҳам қиз томондан рад этилди. У кечанинг ёлғиз маликаси бўлишни истарди. Табиийки, орага совуқлик тушди.

– Воқеадан хабар топгач, аввалига куёв томон билан суҳбатлашдик, – дейди Бухоро туманидаги Работак маҳалласининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Мавжуда Маҳмудова. – Улар тўйни ихчам ва камхарж ўтказишни, тежалган маблағ эвазига ёшлар учун қулай шароит яратиб бериш истагида эканликларини айтишди. Шундан сўнг келин ва унинг ота-онасини идорага чорладик. Маҳалланинг нуроний кексалари орзу-ҳавас оғушидаги Мадинага насиҳат қилишди. Исрофгарчилик билан, қолаверса, бир кунлик дабдаба билан ҳеч ким обрў топмаслигини ётиғи билан тушунтиришди. Тежаладиган маблағ борасида қудаларнинг таклифини ҳам билдирдик. Шукр, қиз розилик берди.

Бу воқеага икки йил бўлди. Ҳозир Работак маҳалласи Қўлба қишлоғида яшаётган Мадина иқтисод қилинган маблағлар эвазига тикувчилик цехи ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётир. Цехда у билан бирга уч нафар қиз иш билан банд...

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда мутасаддиларга оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифасини топширди.

Оила халқнинг жамият ҳаётига оид урф-одатларини ўзида синовдан ўтказадиган муқаддас даргоҳ. Шу маънода, бугун ибратли оилалар мисолида халқимизнинг соф маърифати, оила тутумидаги оқилона сиёсати, оила иқтисодини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш даркор. Бунинг учун аввало тўй-ҳашамларни ортиқча исрофгарчиликлардан ҳоли, камтарона ўтказиш борасида самарали ва таъсирчан ҳаракатларни амалга оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада ишлаб чиқиладиган таъсирчан чора-тадбирлар, амалга ошириладиган янги ташаббуслар жамиятимиз равнақига, оилалар тотувлиги ва ёшларимиз бахт-саодатига хизмат қилади.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
1 995






Все о погоде - Pogoda.uz