ЎзА Ўзбек

07.03.2018 16:35 Чоп этиш версияси

Оила бахти – дабдабада эмас

Тўйлар халқимизнинг узоқ асрлик анъаналари, урф-одат ва удумларини ўзида мужассам этганки, уни маънавий мерос сифатида қадрлаймиз. Чунки, миллий тўйларимиз шунга муносиб. Бироқ сўнгги йилларда ҳаётга енгил қарайдиган айрим ота-оналар истаги, балоғат ёшидаги бўлажак келин-куёвларнинг тизгинсиз хоҳиш-иродаси туфайли барқарорлашган гўзал анъаналар ва халқчил урф-одатларга путур ета бошлади. Бу иллат кундан-кун кучайиб, миллий қадриятларга ёт, ёш авлод ахлоқи, тарбиясига зид ўта зарарли удумлар оммавий тус ола борди.

Шу сабабли Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўйларни тартибга келтириш, уларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, миллий анъаналарни асраган ҳолда тарбиявий таъсир кучини ошириш вазифасини кун тартибига қатъий қилиб қўйди.

Аслида тўй-тантаналар бизда худди байрамдек хурсандчилик билан ўтказилади. Ота-оналар орзу қилиб кутадиган бу тадбирга қариндош-уруғни янада жипслаштиришга, ўзаро меҳр-оқибатни кучайтиришга хизмат қиладиган маросим деб қаралади. Халқимиз азалдан фарзандларининг камолоти, бахту иқболини кўришдек эзгу ният билан яшайди. Икки ёшнинг оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни барпо этишга аҳд қилгани тўй-томоша, шоду хуррамлик, хурсандчилик билан нишонланган.

Дарҳақиқат, ҳар бир янги оила – жамиятнинг бир муҳим бўғини. Қизлар – оиланинг, элнинг ор-номуси, йигитлар – ор-номус қўриқчилари, деган гапни ёшларга кўп такрорлаймиз. “Бир марталик тўйимда хоҳлаганимни қиламан, ота-онамни ҳам айтганимга мажбур этаман. Истаганча машиналарни тўплаб, кийиниб, зўр санъаткор (отарчи)ларни чорлаб, дастурхонни нозу неъмат, ичимликлар билан тўлдириб, довруғли тўй ўтказаман”, дейиш худбинлик ва ақлсизлик, ўйловсизликдир. Чунки бундай ёшларнинг маблағ қаердан, қандай келаётгани, оила қанча қарз ботқоғига ботаётгани билан иши йўқ…

Тўйлардаги сарф-харажатларнинг ошиб кетиши, халқимиз менталитетига тўғри келмайдиган одатларнинг кириб келишига хотинининг сўзидан чиқолмайдиган эркаклар, боласини бўлар-бўлмас орзу-истаклардан қайтара олмайдиган оталар айбдор эмасми? Аччиқ ҳақиқат шуки, тўйларни ташкиллаштириш, ўтказишда эркаклар ўз бурчини унутиб, ҳамма ташвишларни аёллар зиммасига юклаши, аниқроғи, ўз “рол”ини уларга бериб қўйиши тўйлардаги ортиқча дабдаба, ҳашаматга ўчлик каби салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ахир ҳамма нарсанинг ҳисоби бор, жумладан, тўйнинг ҳам. Бу мураккаб жараённи чўтга солишга ҳаракат қилиб кўрилса, келгусида қариндош бўлиш истагидаги хонадонга бир неча марта совчи бориши, ёшларнинг дабдабали учрашувлари, бунда келин учун совға-саломлар тайёрлаш бир дунё харажатларни талаб қилади. Оддийроқ тўйхонага 350 кишини таклиф қилишни ҳисоблаганда битта ўртача тўй нархи 50-60 миллион сўмга бориб қолади. Ўртача ҳисоблаганда, йигит ва қиз томоннинг харажатлари тахминан 100-120 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ундан кўра, тўйларга сарф қилинаётган бундай чиқимларни ёшларнинг ўқиши, ҳунар эгаллаши ёхуд бошқа зарур тадбирларни амалга ошириш учун сарф қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Начора, ҳаммамиз шундай деймизу, аввало ишни ўзимиздан бошлашга, намуна бўлишга келганда, тилимизни тишлаб қоламиз.

Бугунги кунда ёш оилалар ўртасидаги ажримлар бизни кўпроқ ташвишга солмоқда. Оилавий ажримлар туфайли қанчадан-қанча болалар ота ёки она меҳридан мосуво бўлмоқда. Бунда ҳам тўйлардаги дабдабабозлик, сохта обрў ортидан қуваман деб, бор-будини тўйга сарфлаб, сўнг қарзга ботган қудаларнинг ўзаро жанжали, аёлларнинг ҳашаматли олди-бердилари бош сабаблардан бири саналади.

Такрор айтаман: барчамиз тўйларда ортиқча сарф-харажат ва исрофгарчилик кўпайиб бораётгани ҳақида бот-бот гапирамизу, ўзимизга келганда ўша исрофгарчиликни жимгина қилаверамиз. Бу борада маҳалла фаоллари, фахрийлар, маслаҳатчилар ва барчамиз улуғ ният ила бошлаган тўй-маросимларимизни ихчам, камчиқим ва кераксиз урфларсиз ўтишига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу ҳисса эса шахсий намуна тариқасида қўшилса нур устига аъло нур бўлур эди. Ахир оиланинг бахти, мустаҳкамлиги унинг қурилишидаги харажатларга эмас, икки ёшнинг бир-бирига меҳр-муҳаббатида, одоб-ахлоқи ва оила тўғрисидаги тушунчаларига боғлиқ.

Бу борада ёшларнинг ўзи ҳам чуқур, атрофлича ўйлаб, фикрлаб кўриши, куёв ва келин фақат бир-бирига дахлдор ахлоқий меъёрлардан хабардор бўлиши, улар миллат давомчилари сифатида миллий қадриятларни сақлашга масъул эканини ҳис этишлари шарт. Ўшандагина тўйлар файзли ўтади, оилада барака ва бахти тўкислик бўлади.

Гулнора Тўраева,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

ЎзА
10 513