Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Қоидаларга амал қилмоқ – умр фойдаси

Қоидаларга амал қилмоқ – умр фойдаси
Мамлакатимизда пайшанба кунлари профилактика тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳар пайшанба профилактика тадбирлари, ҳар шанба куни йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қўшма рейдлар ўтказилмоқда. Аммо ҳайдовчилар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамай йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари учраб турибди.
Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизматининг маълумотига кўра, ўтган ҳафта мамлакатимиз автомобиль йўлларида жами 144 йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Натижада 132 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.
Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 74 минг 844 қоидабузарлик аниқланган бўлиб, уларнинг 35 минг 529 тасини қўпол равишда содир этилгани қайд қилинган. Жумладан, 1 минг 297 ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 11 минг 818 киши белгиланган тезлик талабларини бузган, 938 нафар ҳайдовчи эса светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасига риоя этмаган.
Транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойнанинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисида тушунтиришлар берилмоқда. Аммо шунга қарамай 511 нафар ҳайдовчи транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган.
Бундан ташқари, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 918 нафар ва хавфсизлик камарини тақмаган 14 минг 253 ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилган.
Мамлакатимизда доимий равишда ўтказилаётган ҳаракат хавфсизлиги тадбирлари доирасида жамоат ташкилотлари, ёзги оромгоҳлар, корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида профилактика тадбирлари ўтказилиб, қоидабузарлик ҳолатлари кенг жамоатчилик ўртасида атрофлича муҳокама қилинмоқда. 
– Ҳайдовчилар ҳушёрлигини янада ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилиб, камчиликларни бартараф этиш устида мунтазам иш олиб борилмоқда, – дейди Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи майор Акмал Юнусов. – Асосий мақсадимиз йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Шу амалий ишларга жавоб сифатида фуқароларимиз ҳам қоидаларга онгли равишда риоя қилиб яшаса, кутилган натижаларга эришамиз.

Даврон СУННАТОВ, ЎзА
4 961