ЎзА Ўзбек

08.08.2018 17:04 Чоп этиш версияси

Қоидабузарликнинг биттаси ҳам кўп

Президентимиз раислигида жорий йил 27 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, жумладан, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борадаги энг асосий муаммо ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билими, кўникмаси, қонунга итоаткорлик, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига ўзаро ҳурмат маданиятининг ўта пастлиги экани таъкидланди.

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида видеоселекторда танқид қилинган масалалар бўйича вилоятдаги ҳолат атрофлича таҳлил этилиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, йўлларнинг аҳволини ўрганиш, йўл белгиларини босқичма-босқич замонавийсига алмаштириш мақсадида хатловдан ўтказиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг билими ва қоидаларга риоя қилиш маданиятини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ дан олинган маълумотларга кўра, йилнинг ўтган даврида автомобиль йўлларида 98 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган. Шундан 1 минг 273 ҳолатда транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш аниқлангани йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришни тақозо этади. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд муҳокамасига юборилди ва 803 нафар ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятларни «изи совимасдан» фош этиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида олтита чорраҳага фото-видео кузатув мосламаси ўрнатилган. 2017 йилнинг ноябрь-декабрь ва жорий йилнинг ўтган олти ойида ушбу чорраҳаларда фақат битта йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани замонавий технологияларнинг аҳамияти нечоғли муҳим эканини кўрсатмоқда.

Шунингдек, вилоят ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими, 1-, 2-туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида ҳам иш жараёнини видеокузатув мосламалари орқали назорат қилиш тизими жорий этилди. Бунда асосий эътибор имтиҳон олиш ва давлат рақами белгилари берилишини экран орқали назорат қилиб боришга қаратиляпти.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда техник кўрикнинг ўрни ниҳоятда муҳим ва жорий йилдан бошлаб вилоятда бу жараён янги технологиялар асосида ўтказилмоқда. Ўтган даврда юридик шахсларга тегишли 4 минг 500 дан ортиқ ва жисмоний шахсларга тегишли 44 минг 800 га яқин транспорт воситаси техник кўрикка жалб этилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда мунтазам рейдлар ўтказилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг аҳволи, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдаги муаммолар, йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг техник тайёргарлиги ҳамда кўчалардаги камчиликлар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 14 гуруҳ ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида улар томонидан ноқонуний фаолият юритган 364 нафар ҳайдовчига нисбатан тўпланган материаллар чора кўриш учун солиқ идораларига юборилди.

Жойларда ўтказилаётган учрашувлардан ташқари босма нашрлар, телевидение ва радио орқали ҳам мунтазам тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлигини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида 50 минг дона “Эслатма” тайёрланиб, ҳайдовчиларга тарқатилди. 85 ЙПХ инспектори слуэти, 22 тунги пайтда милтилловчи автомакет ҳамда йирик ҳажмли 46 та баннер тайёрланиб, йўлларга ўрнатилди.

Шу каби профилактик тадбирлар туфайли вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 фоизга, ўлим билан боғлиқ автоҳалокатлар 1,2 фоизга камайган.

Акромжон Сатторов, ЎзА
5 167