Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Одил судловга бўлган ишонч мустаҳкамланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида халқимизнинг суд тизимига ишончини қатъий мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Мазкур йиғилишдан кейин соҳа ходимлари, айниқса, одил судловни амалда таъминлашга масъул бўлган судьялар ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиб, халқ билан яқинлашишга ҳаракат қилмоқда. Жойларда судьяларнинг аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотлари, сайёр судлар ташкил этилаётир.

Пойтахтимизда ҳам судьяларнинг аҳоли билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирлардан бири Юнусобод тумани аҳолиси учун ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар иқтисодий ишлар бўйича туманлараро суди, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди, Жиноят ишлари бўйича ҳамда Маъмурий ишлар бўйича Юнусобод тумани судлари судьялари иштирок этиб, одамларни ўйлантираётган масалалар ҳақида мулоқот қилиш билан бирга, уларнинг суд тизими билан боғлиқ саволларига жавоб берди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилангани ва амалда рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди. Шу асосда 2017 йил 1 июндан суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлар қаторига маъмурий, иқтисодий судлар қўшилди ва иш бошлади. Бу аҳоли учун яратилган қулайлик бўлиши билан бирга, суд тизими ихтисослашувини чуқурлаштиришга ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим амалий қадам бўлди.

Соҳага ҳар томонлама етук, ҳалол, касбига садоқатли судьяларни танлаб олиш амалиёти жорий этилди. Бундан буён ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмайди.

– Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан сўнг фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасидаги мақсад ва вазифаларни янада изчиллик билан, тизимли амалга оширишга бўлган иштиёқимиз кучайди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов. – Йиғилишда айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш ҳолатлари учраб келаётгани ҳақида билдирилган танқидий фикрлар, очиғини айтганда, бизнинг “юзимиз қизаришига” сабаб бўлди. Ўрни келганда айтиш лозим, орамизда меҳнатсевар, ҳалол, одил судьялар талайгина. Лекин биргина бўлсада, ўз шахсий манфаатини ўзганинг тақдиридан устун қўядиган нопок ҳамкасбимиз мавжуд экан, биз одамларимизнинг адолатга, одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлай олмаймиз. Шу боис энди ишга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз, халқимиз ишончига сазовор бўлиш учун бор билим ва тажрибамизни ишга солишимиз зарур. Бир сўз билан айтганда, бундан буён судья деган юксак номга муносиб бўлиш учун борлиғимизни бағишлаймиз.

Учрашувда аҳоли вакиллари суд тизими билан боғлиқ ўзлари дуч келаётган муаммолар, мазкур идораларга борганда ишларнинг вақтида битмай чўзилиб кетиши, бу эса оворагарчиликка сабаб бўлаётгани ҳақида мулоҳазалар билдирилди. Давлатимиз раҳбарининг бундай муаммоларга чек қўйишга қаратилган ташаббуси халқнинг дилидаги гап бўлиши билан бирга, қисқа вақтда бу халқнинг корига ярайдиган амалиётга айланаётгани айтиб ўтилди.

– Суд-ҳуқуқ тизимида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилган, соҳа такомиллашган, лекин тизим билан оддий халқ ўртасида Президентимиз вақтида илғаганидек, катта жарлик мавжуд эди, – дейди Юнусобод тумани "Мингчинор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холида Фозилова. – Судья билан учрашиш, мулоқот қўл етмас орзуга ўхшар, уларда ҳам бунга интилиш сезилмасди. Суд биносига бирор иш билан борсак, киролмасдан ҳам қайтиб кетардик. Энди эса ҳаммаси манфаатимизга мос равишда тубдан ўзгараётир. Профилактика кунида маҳаллаларда ташкил этилаётган сайёр очиқ суд мажлислари кўламини кенгайтиришга оид таклифимизни судьялар қўллаб-қувватлаганидан жуда мамнун бўлдик.

Мулоқот давомида суд тизими билан боғлиқ ҳал этиш зарур бўлган масалалар назоратга олинди. Бундай учрашувлар изчил давом эттирилиши маълум қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 981






Все о погоде - Pogoda.uz