Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 10:41 Чоп этиш версияси

Одамларнинг кайфияти кўтарилиб, эртасига ишончи ортди

Одамларнинг кайфияти кўтарилиб, эртасига ишончи ортди Бугун мамлакатимиз ҳаётида кечаётган ўзгаришларга ўзини дахлдор сезмайдиган инсон бўлмаса керак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларни изчил ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одамларнинг кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида воҳада олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, аҳолининг фаровон яшаши учун яратилаётган имкониятлар билан танишуви, халқ билан учрашиб, самимий суҳбатлашгани барчамизни руҳлантириб юборди.

Президентимиз туманимизда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилган “Ғуржак-1” массивида ҳам бўлиб, фойдаланишга топширилган уйлар, уларда аҳолига яратилган шароитлар билан танишди. Хонадонларга ташриф буюриб, уй эгаларининг эзгу мақсад-режалари билан қизиқди, уларнинг қувончига шерик бўлди.

Мен тарбиячиман. Бир ўғил ва бир қизни вояга етказдик. Қизимни турмушга узатганман. Ўғлим Шаҳрузжон ўтган йили Шеробод иқтисодиёт коллежини битириб, бугун ўзи мустақил меҳнат қилмоқда.

Одамларнинг кайфияти кўтарилиб, эртасига ишончи ортди

Ўғлимнинг ҳам орзу-ҳавасини кўрсам, янги уй олиб келин туширсам, деган ниятим бор эди. Худога шукр, Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда янгиланган лойиҳалар асосида уйлар қурилиши бошлангач, орзуимга етишдим. Туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари уй олишимизга кўмаклашди. Янги йил кунлари “Ғуржак-1” массивида барпо этилган 16 хонадондан иборат икки қаватли турар жойдан икки хонали уй олиб, кўчиб ўтдик. Бундан жуда хурсандмиз.

Янги уйимизда уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш учун ҳамма шароит бор: жўмракни бурасангиз иссиқ сув, совуқ сув келади. Хонадонимиз “Аристон” иситиш қозони орқали иситилади. Хоналар яшаш ва фойдаланиш учун ҳар томонлама қулай қилиб лойиҳалаштирилган, кенг ва ёруғ, шинам.

Уйимиз узоқ муддатли кредит асосида берилгани, тўлов фоизларининг камлиги бизга янада енгиллик туғдирмоқда.

Президентимиз ташрифи давомида бизнинг хонадонимизда ҳам бўлиб, яшаш шароитимиз билан қизиқди.

Илгари ижара уйларда яшаб, қандай қийинчиликларни кўрганим ортда қолганини, энди бемалол янги уйга келин олишим мумкинлигини айтиб, Президентимизга миннатдорлик билдирдим.

Давлатимиз раҳбари янги массивда аҳоли учун қулайликларни янада ошириш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди. Маҳалла профилактика нозирига ҳам янги уйдан хонадон берилгани ҳудудда осойишталикни таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.

Қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган бундай улкан ишларни бир пайтлар тасаввур ҳам қилолмаганмиз. Президентимизнинг қарори асосида қисқа вақтда қад ростлаган арзон, ихчам, қулай уйлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ҳаёт кечиришида муҳим аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбарининг ислоҳотлар халқимиз ҳаётида қандай акс этаётгани билан шахсан танишаётгани бизни юртимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.

Барно Чоршанбиева,

Шеробод туманидаги 3-мактабгача
таълим муассасаси тарбиячиси.

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 364






Все о погоде - Pogoda.uz