ЎзА Ўзбек

02.07.2018 19:30 Чоп этиш версияси

Одамларни рози қилиш – бош мақсадимиз

Шу мақсадга эриша олаяпмизми?

Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар яхши самара бермоқда. Ўтган икки йил давомида халқимизни кўп йиллардан буён ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган муаммоларга ечим топилиб, ҳар бир оиланинг фаровон турмуш кечириши учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган бу каби эзгу ислоҳотлардан асл мақсад аён: одамларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш.

Бу борадаги ишларни санаб адоғига етиш мушкул. Улардан бири “Обод қишлоқ” дастури асосида мамлакатимиз миқёсида кенг кўламда амалга оширилаётган ободонлик ҳаракатидир. Дастлаб Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғини обод қилган, одамлар кўнглини кўтариб, фаровон ҳаётда яшаш завқини қўр олдирган мазкур дастур бугун энг чекка қишлоқларимизни ҳам қамраб олган. Қувонарлиси, одамларимизнинг ўзи бу каби хайрли ва ободлик ишларига катта ҳавас билан ёндашиб, эзгу тадбирларга хайрихоҳ, елкадош бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан “Обод маҳалла” дастури ҳам ҳаётга татбиқ этилди. Бу дастур асосида шаҳарларимиздаги маҳаллалар мутлақо янги қиёфа касб этиб, аҳоли турмушини янада яхшилаш, жумладан, фарзандларни тўкис вояга етказиш, саломатликни мустаҳкамлаш, бандликни таъминлаш, хонадонларни обод қилиш, турли ижтимоий, маиший хизмат кўрсатиш объектларини бунёд этиш, бир сўз билан айтганда, яхши ва мақсадли яшаш учун барча шароитни яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида амалга оширилиши белгиланган вазифалар ижросида баъзан сусткашлик, эътиборсизлик ва сансалорлик манзараси ҳам кўзга ташланиб қолмоқда.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида бўлганида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш, тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирлар ва маъракаларни исрофгарчиликсиз, ихчам қилиб ўтказиш каби бир қатор муҳим масалалар бўйича туман мутасадди раҳбарларига, маҳалла раисларига тавсиялар берди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлари Олмазор туманидаги 58 маҳалла раиси билан бу ердаги мавжуд муаммолар, ечимини кутаётган масалалар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

“Бор товоғим, кел товоғим” ақидаси эскиргани ростми?


№ 29 Олимпа.jpg

Жўрақул НИЗОМОВ, 
“Олимпия” маҳалла фуқаролар йиғини раиси: 

– Тўй ва оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасидаги жамоатчилик ҳаракати халқимиз хоҳиш-иродасига асосан татбиқ этилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида бугун анча тартибга тушган тўй маросимлари кўпчилик юртдошларимизни “кўрпасига қараб оёқ узатиш”га ундамоқда.

Маҳалламизда тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирлар ва маъракаларни исрофгарчиликсиз, ихчам қилиб ўтказиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Намуна қилиб кўрсатишга арзирли тадбирларимиз ҳам бор.

Маҳалладошимиз Рустам Собиров цехда ишчи бўлиб ишлайди. У уч фарзандни ўқитиб, уйли-жойли қилиш ҳақида кўп ўйларди. Авж олаётган манманлик, мақтаниш, ким ўзарга ўтаётган тўйлардан ташвишда эди. Чунки бўй чўзиб келаётган болаларининг орзу-ҳаваси ҳам улканлашиб бораётган эди. Буни биз – маҳалла фаоллари ҳам яхши билардик.

Кўпчиликнинг насиҳати, маҳалладошларимизнинг маслаҳати ва қудаларнинг таклифи билан Рустамжон қизини узатаётганида наҳорги ош маросимини қилмади. Қўни-қўшни учун кичик "худойи" қилиб берди. Бу эзгу тадбирдан маҳалла ҳудудидаги Мурувват уйи, ихтисослаштирилган мактаб-интернати, болалар шифохонаси даволанувчилари ҳам баҳраманд бўлди. Осмон узилиб ерга тушмади. Аксинча, ҳозир бу оила тўйни ихчам қилиб ўтказганидан хурсанд, ёшлар бахтли яшамоқда.

Аслида, юртдошларимизнинг ўзидан кўп яхши таклифлар чиқади. Биргина тадбиркоримиз Саидаъло Хўжаев юмшоқ мебеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Даромадидан қийналган, имконияти чекланган оилалар фарзандларига ёрдам бериб турар эди. Эндиликда нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган тадбиркор бир кун давомида сотилмаган, лекин муддати ўтмаган маҳсулотларни маҳалладаги кам таъминланган оилаларга текин тарқатишни таклиф этмоқда. Бу хайрли ишлар ҳаммамизни ҳушёрликка чорлайди.

Барно Мелиқулова, Моҳигул Қосимова, ЎзА
14 593