ЎзА Ўзбек

06.06.2018 18:05 Чоп этиш версияси

Одамларда эртанги кунга ишонч ортмоқда

Андижонда маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Балиқчи туманидаги ўрганишлари якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари У.Исмоилов, Р.Комилов ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган йиғилишда ўрганиш натижалари атрофлича таҳлил қилинди.

Балиқчи туманида 194 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 64 фоизи 18 ёшгача бўлган ёшлардир. Туманда 56 умумтаълим мактаби, 32 мактабгача таълим муассасаси, 8 қишлоқ врачлик пункти, 6 қишлоқ оилавий поликлиникаси, 2 кўп тармоқли поликлиника мавжуд.

Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги 66 маҳалла фуқаролар йиғинидаги қарийб 30 минг хонадоннинг ҳаёти, турмуш тарзи ва муаммолари ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида фуқароларни асосан табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, тоза ичимлик суви танқислиги, ишсизлик, электр энергияси таъминоти, мактабгача таълим, уй-жой, моддий ёрдам масалаларидаги муаммолар қийнаётгани аниқланди. Умуман, ишчи гуруҳ томонидан жойларда 6 мингдан зиёд муаммо аниқланиб, уларнинг 67 фоизи бартараф этилди. Энг муҳими, айрим раҳбарларнинг эътиборсиз ва масъулиятсизлиги оқибатида йиллар давомида ҳал этилмай келаётган кўплаб муаммолар ўз ечимини топди.

Ишчи гуруҳ турли хасталик ва жисмоний етишмовчиликлардан азият чекаётган фуқароларга ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратди. Тумандаги 1095 нафар ногирон, 1450 нафар фахрий малакали шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий текширувлардан сўнг 560 дан зиёд фуқарога туман, вилоят ва республика тиббиёт муассасалари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлами вакилларига, хусусан, уй-жойга муҳтож 10 оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 274 фуқаро ишга жойлаштирилди.

Республика Ишчи гуруҳининг аҳоли билан юзма-юз мулоқоти, мамлакатимизда одамларнинг яшаш шароити ва турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юртдошларимизда эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўрганишлар давомида ижтимоий соҳа объектлари – мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, шифохоналар фаолиятини янада яхшилаш юзасидан зарур амалий ёрдам кўрсатилди.

Йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида ишлаб чиқилган “Йўл харита”ларига барча мурожаатлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар киритилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
4 523