Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 18:16 Чоп этиш версияси

“Одам савдосидан огоҳ бўлинг!” мавзуидаги тарғибот тадбири ўтказилди

Мўмай даромад, яхши шароитлардаги ишни ваъда қилиб, инсонларнинг эркинлигига дахл қилаётган одамфурушларнинг қилмишлари бугун халқаро миқёсдаги муаммолардан биридир. Уларнинг тузоғига илиниб қолмаслик учун ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқини теран англаши, тегишли идоралардан хорижда ишлашнинг тартиб-қоидасини суриштириб билиши зарурлиги давр талабидир.

Тошкент архитектура-қурилиш институтида ўтказилган “Одам савдосидан огоҳ бўлинг!” мавзуидаги тарғибот тадбирида шу ҳақда сўз борди.

"Истиқболли авлод" ижтимоий-ахборот маркази томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниб, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни, Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бу иллатдан, айниқса, ёшларни огоҳ этиш, одам савдосидек глобал муаммодан уларни асраш, уларга меҳнат ҳуқуқини, хорижга бориб ишлаш қоидаларини тушунтириш борасида Тошкент шаҳар "Истиқболли авлод" ижтимоий-ахборот маркази томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида пойтахтимизнинг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида "Одам савдосидан огоҳ бўлинг!" мавзуида тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирлар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 мартдаги қарори билан тасдиқланган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Дастур"да белгиланган одам савдосига қарши курашишни янада такомиллаштиришга оид вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Тадбирларда йигит-қизларга шу йўналишдаги қонун, қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.

– Алданиб қолган, мушкул аҳволга тушиб, одам савдоси қурбонига айланган инсонларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш марказимизнинг асосий вазифасидир, – дейди "Истиқболли авлод" маркази директори ўринбосари Шоҳида Қосимова. – Марказнинг долзарб алоқа тармоғи орқали кўплаб юртдошларимизга ижтимоий кўмак кўрсатилиб, ҳаётда йўл топишига ёрдамлашилди. Бу жараён изчил давом этмоқда.

Тадбирда ёшларнинг саволларига мутахассислар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жавоб қайтарди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 514






Все о погоде - Pogoda.uz