ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Одам савдоси: Жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалар

Одам савдоси: Жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалар

Навои вилояти Қизилтепа туманида “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қизилтепа тумани ўқув спорт техника клуби томонидан 4-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти, туман ички ишлар бўлими масъуллари, мактаб ўқувчилари иштирок этди.

“Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда сифатли профилактика ишларини этиш мақсадида ташкил этилган мулоқотда одам савдоси асримизнинг глобал муаммоларидан бири экани, мамлакатимизда одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, ундан жабрланганларга тиббий, моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Бугунги кунга келиб одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда, – дейди туман ИИБ бўлими терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор вакили Ўктам Баҳромқулов. – Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида БМТнинг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилиниб, мазкур ҳужжатлар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бу иллатга қарши халқаро миқёсда кўплаб қонунлар қабул қилинган.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик“, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли.

Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири – одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса айрим ҳолларда тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

– БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда, – дейди 4-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Фарход Убайдуллаев. – Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард доллардан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Давра суҳбатида мазкур жиноятнинг олдини олиш юзасидан иштирокчиларга тегишли тавсиялар берилди. Ўқувчиларнинг мавзуга оид барча саволларига атрофлича жавоб берилди.

Раъно ТОШЕВА,
“Ватанпарвар” ташкилоти 
Қизилтепа тумани бўлими бошлиғи ўринбосари.

984
ЎзА