Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.06.2018 21:45 Чоп этиш версияси

Очиқ осмон остида концерт

Очиқ осмон остида концерт
Наманганда Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг “Open Air – Oltin Vodiy” – очиқ осмон остида концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган концерт дастури “Уч фаввора” хиёбонида намойиш этилди.

Оқшом чироқларидан эртаклардагидек жозиба ва фусункорлик касб этган хиёбон кенг мумтоз мусиқа ва қўшиқ кечаси салобатига мос кийинган, сурат ва сийратидан сеҳрли мусиқа олами билан уйғунлашиб кетишга тайёр вилоят аҳли, кенг жамоатчилик, фахрийлар ва ёшлар билан гавжум. Табиат ҳам шундай фараҳбахш оқшомга монанд салқин эпкинлари билан вужудга ва руҳга ҳаловат бағишлайди. Барча бир мўъжиза кутаётгандек ёқимли сабрсизлик билан очиқ саҳна томондан кўз узолмай ўтирибди.

6 (1).jpg

Ҳа, наманганлик санъат мухлислари учун чиндан-да бу умидворликни ўн чандон оқлайдиган мўъжиза юз берди.

– Тошкентда ташкил қилинган “Open Air” биринчи симфонияси сабаб анъанага айланган бу концерт томошабинларга турли мусиқий услублар оҳангларидан баҳраманд бўлиш ва табиат ҳамда санъат уйғунлигини ҳис қилиш имконини беради, – дейди лойиҳа менежери Дилбар Бобожонова. – Уни ўтказишдан мақсад, мумтоз наволар ва жонли ижро ихлосмандлари доирасини кенгайтириш, жаҳон ва миллий мумтоз қўшиқлар дурдоналарини тарғиб этишдир. “Open Air” концерти – бу таниқли хонандалар билан учрашув ва янги истеъдодлар билан танишувдир. Бу шоу томошабинлар учун мумтоз мусиқий асарлар, машҳур романтик оҳанглар ва опера мусиқалари, фильмларга ишланган саундтреклар, рақсбоп композицияларнинг оригинал ишланмаси, юморга бой чиқишлар, кутилмаган совғалар ва ҳоказоларни ўзида мужассам этган.

19.jpg

Мазкур лойиҳа пойтахтда ўз эътирофини топгач, ташкилотчилар томонидан унинг географик қамровини кенгайтиришга қарор қилинди. “Open Air – Oltin Vodiy” – бу Фарғона водийсида ўтказиладиган қатор концерт дастурларидир. Лойиҳа водийнинг энг гўзал шаҳарлари бўйлаб ҳақиқий саёҳатни ўз ичига олади, маҳаллий томошабинлар Ўзбекистон миллий симфоник оркестри репертуари, таниқли ва ёш хонандалар санъатидан баҳраманд бўлади. Концерт дастурлари улар ўтказиладиган минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Очиқ осмон остидаги концертда Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг етук санъаткорлари ва иқтидорли ёшлар томонидан П.Чайковскийнинг “Оққуш кўли” балети, Моцартнинг “Сеҳрли флейта” операси, Э.Солиҳовнинг “Умид” операсидан мусиқалар, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман”, “Чинор остидаги дуэль” каби машҳур кинофильмлардан саундтреклар, турк сериаллари мусиқаларидан попурилар (“Муҳташам юз йил”, “Тойгар”, “Ичкарида”), Ботир Зокиров ва Муслим Магомаев репертуаридан қўшиқлар, Ш.Рамазоновнинг “Наманганнинг олмаси” ашуласи, Андижон полькаси ва Хоразмча лазги каби халқ рақслари, кўплаб бошқа мумтоз асарлар юксак маҳорат билан ижро этилди.

Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов, истеъдодли хонандалар Хуршид Иноғомов, Ширин Маматова, Акилбек Пиязов, Дамир Раҳмонов, Милена Мадмусаева, Алимбай Каримбаев, Абдулла Ширинов ва “GRAND VOICE” гуруҳларининг чиқишлари барчага манзур бўлди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
6 804