Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 16:40 Чоп этиш версияси

Очиқ мулоқотлар амалий самара бермоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганмоқда, халқ билан мулоқот ўтказмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали тизимини йўлга қўйиш, аҳоли дарду ташвишига шерик бўлиш, одамларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

Сенаторлар, депутатлар ва бошқа масъуллар Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бўлиб, фуқаролар билан мулоқот ўтказмоқда.

Парламент аъзолари йўл, қурилиш, коммунал соҳа, таълим, тиббиёт, ижтимоий масалалар ва аҳолининг кредит билан боғлиқ муаммоларини ўрганди. “Бештерак” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Машъал кўчаси, 21-уйда яшовчи фуқаро Собир Марқаев қишлоқнинг ички йўлини асфальт қилиш ҳақида мурожаат қилди. Бу муаммони бартараф этиш учун туман йўл қурилиш бўлими ва туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритиладиган бўлди. Фуқаро Актам Санаевнинг уйидаги иссиқхонасини янада кенгайтириш учун кредит маблағи сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Китоб тумани филиали томонидан кредит бериладиган бўлди.

Яккатут қишлоғида яшовчи Алишер Эшонқуловнинг катта сойдан ўтадиган кўприкни таъмирлаш борасидаги мурожаатини ҳал этиш туман ҳокимлигига топширилди. Аҳолининг бу муаммоси тез орада ҳал этиладиган бўлди. Ушбу қишлоқда яшовчи Шокир Бойматовнинг аҳоли томорқаси учун оқар сув келтириш, қўшимча трансформатор ўрнатиш борасидаги таклифи ҳам депутатлар томонидан эътиборга олинди.

“Боғбон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги муаммо ва камчиликлар билан танишган қонун ижодкорлари дастлаб шу ердаги 11-умумтаълим мактабида бўлди. Мактаб директори Хосият Абдуллаева таълим муассасасида мини футбол майдончаси қуриш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шунингдек, ҳудуддаги 17-мактабгача таълим муассасасининг хўжалик ишлари бўйича мудири Шаҳноза Муродованинг болалар боғчасини замонавий жиҳозлаш ҳақидаги таклифи ҳам маъқулланди. Мазкур муаммолар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиладиган бўлди.

– Ҳар бир мурожаат ва таклифни эътиборга олиш, уларни бартараф этишга кўмаклашиш биз, депутатларнинг асосий вазифаларимиздандир, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Д.Жалилова. – Халқ билан мулоқот жараёнида одамларнинг ҳаётдан рози экани, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар янада юксак самаралар беришига ишончи кишини беҳад хурсанд қилади.

Очиқ мулоқотларда маҳалла фаоллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, фермерлар, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари фаол иштирок этиб, турли масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олмоқда.

Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари жойларда давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
2 040






Все о погоде - Pogoda.uz