ЎзА Ўзбек

03.04.2018 15:18 Чоп этиш версияси

Очиқ мулоқот қўшни давлат тинчлиги масаласига бағишланди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26-27 март кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияда имзоланган Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда депутатлар, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти масъул ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур халқаро конференция қўшни Афғонистон заминида қарийб 40 йилдан буён давом этаётган қуролли қарама-қаршиликка тинч йўл билан чек қўйиш, бу ҳудудда тинчлик, осойишталик ўрнатиш, иқтисодий-сиёсий барқарорликни, афғон халқининг хотиржам ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Афғонистонни қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқалар тизимига жалб этиш бўйича умумий саъй-ҳаракатлар бу юртдаги вазиятни барқарорлаштириш, унинг тараққий этишига муносиб ҳисса қўшади. Афғон заминида тинчлик ўрнатилиши нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун Евроосиё қитъасидаги барча давлатлар учун янги имкониятлар эшигини очади, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда муҳим ўрин тутади.

Конференцияда имзоланган Афғонистон бўйича Тошкент декларациясида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳил, иноқ қўни-қўшничилик муносабаталарини янада мустаҳкамлаш назарда тутилган. Ушбу мулоқотда айни масалалар юзасидан фикрлар билдирилди.

Маънавий қадриятлари уйғун бўлган икки элнинг ижтимоий-маданий ҳаёти азалдан муштарак. Айни пайтда Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар истиқомат қилади. Афғонистон Конституциясига мувофиқ, ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади.

Очиқ мулоқотда ушбу халқаро конференция, унда имзоланган декларация ва давлатимиз раҳбарининг нутқидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш, анжуман аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш барча даражадаги партия ташкилотлари олдида турган муҳим ишлардан экани қайд этилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 093