Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 14:42 Чоп этиш версияси

Очиқ мулоқот амалий натижа бермоқда

Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи томонидан амалий мулоқотлар ўтказилмоқда. Ҳар бир хонадоннинг яшаш шароити билан яқиндан танишиб чиқилмоқда.

Оила – жамият бутунлиги ва аҳиллигини кафолатловчи қўрғон, инсон ҳаётига тўкислик бағишловчи маскан, авлодлар давомийлигини таъминловчи муқаддас даргоҳ. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оила мустаҳкамлигига, эҳтиёжманд оилалар муаммоларини ҳал этишга, уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида қатор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бугунги кунда вилоятларда фаолият олиб бормоқда.

– Аҳоли билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммолар ечимини топиш асосий вазифаларимиздан биридир, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Тожиева. – Шу кунларда ишчи гуруҳи аъзолари оилаларга кириб, уларнинг ижтимоий-маиший шароитлари билан танишмоқда, бир қатор муаммолар жойида ҳал этилаётир. Ҳозирга қадар 814 маҳалладаги қарийб 76 минг 400 хонадонда суҳбат ўтказилиб, 4 мингдан зиёд муаммо аниқланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, вилоятда томорқачилик, миллий ҳунармандлик, оилавий бизнесни йўлга қўйиб, даромад кўраётган оилалар сони кўпайиб бормоқда. Бу оила мустаҳкамлиги ҳамда фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, мустақил фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлодни тарбиялашдек муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг самарали фаолиятига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида жамият пойдевори, халқ демократиясининг ўзига хос шакли сифатида маҳаллалар фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг самарасида маҳалла том маънода жамиятда демократик ислоҳотларни ривожлантириш, инсон манфаатларини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида, жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш масканига айланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Айни кунларда вилоятдаги мингдан зиёд маҳаллада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Фурқат тумани “Ардахшон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Аҳрор Қобилов чорвачилик билан шуғулланиш нияти борлигини айтганида, унга “Агробанк” туман филиали томонидан шу мақсадда кредит олиш тартиби бўйича маслаҳат берилди. Қува туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Х.Назиралиев ва О.Мирзаеванинг аҳолига суюлтирилган газ балонларини ўз вақтида етказиб бериш масаласи юзасидан мурожаати ижобий ҳал қилинди.

Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, бандлик, ички йўлларни тартибга келтириш масалалари ўрганилаётгани, тиббиёт соҳасини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар белгилангани одамларнинг дунёқарашини, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда. Аҳоли бундай мулоқотлардан миннатдор бўлмоқда.

Буларнинг барчаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, оилалар мустаҳкамлиги ва жамиятимиз барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасидир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 277






Все о погоде - Pogoda.uz