Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Оқ тулпорим бор эди...

Оқ тулпорим бор эди... Халқимиз “От йигитнинг йўлдоши” дея бежиз айтмайди. Жеймс Уатт илк бор буғ машинасини кашф қилганида унинг имкониятларини намойиш қилар экан, янги қурилманинг кучини от кучига тенглаштирган эди. Шу сабабли ҳам ҳамон двигателлар қуввати от кучи билан ўлчанади. Йилқичилик илк бор Осиёда пайдо бўлиб, кейинчалик Европа ва бошқа қитъаларга тарқалгани айтилади. От инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлиб, қишлоқ хўжалик ишларида, ҳарбий ҳаракатларда ёрдамчи сифатида ишлатилган.

Маълумки, минтақамизда, эрамиздан аввалги учинчи минг йилликдаёқ отларнинг турли зотларини етиштириш бўйича наслчилик ишлари бошланган. Чопқир отларни етиштириш билан ўша даврда асосан, ҳозирги Ўзбекистон худудларида шуғулланишган. Тарихчиларнинг фикрича, қадимги даврда Ўрта Осиёнинг “осмон(саман) отлари” тенгсизлиги билан ажралиб турган. Бу отлар ҳозирги ахалтекин, қорабайир, лақай номли отларнинг аждодларидир.Геродот, Страбон асарларида араби, ахалтекин, қорабайир зотли отларнинг ватани Ўзбекистон экани тан олинган. Қадимги даврларда йилқичилик минтақада қарор топган давлатларда муҳим ахамиятга эга бўлган. Бу жиҳат асрлардан асрларга мерос сифатида ўтиб келаётган кўпкарида яққол намоён бўлади. VIII асрда Ўрта Осиёга араблар кириб келганида зотли отларга ҳавас қилишади. Чунки уларда бунақанги отлар бўлмаган. Улар Ўрта Осиёдан олиб кетган отлар кейинчалик арабий отлар номи билан машҳур бўлиб кетади. Аслида арабларда йилқичилик эмас, туячилик ривожлангани тарихдан маълум.

Манбаларда Ўрта Осиё отларининг шон-шуҳрати шу қадар юксак бўлганки, улар “ғайритабиий мавжудотлар”, “илоҳий отлар”, “осмон отлари”, “арғумоқлар” деб аталган. Отлар учун ҳатто ўзаро урушлар келиб чиққан. Қадимги Фарғона (Давон)га қилинган ҳарбий юришларга ҳам отлар сабаб бўлгани тарихдан маълум.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Шерали Қўлдошевнинг ёзишича, Хитой элчиси Чжанг Чян ўз эсдаликларида Фарғона (Дайюан) отлари ҳақида ёзар экан “бу отлар осмон отларининг авлоди экан” дейди. Хитойда Фарғонанинг самовий отлари ҳақида кўплаб асарлар, шеърлар ва афсоналар тўқилган. Суй давридаги (589–619) “Шюй тужи” номли асарда ёзилишича, Фарғонанинг отлари секин юрадиган ва тез чопадиган зотларга ажратилар экан. Фарғонанинг “қон терли отлари” деб аталган бу отларнинг бўйи баланд, танаси бақувват, лекин ихчам тузилган, бўйни оққуш сингари қайрилган, қирғийбурун бошли бўлган. Бу отларнинг тасвири Фарғона қоятошларидаги суратда – Аравон қоясида, Марҳамат яқинида, Новкат водийсида ва Обиширда, Айирмачтов тоғ тизмасида тасвирланган. Қояларда тасвирланган отларнинг аксарияти чайир, яғрини баланд, оёқлари алифдек, мўъжазгина каллали, узун оҳиста эгилган бўйинли. Буларнинг бари зотли отларнинг ўзига хос белгиларидир. Ўрта Осиёнинг бу жанговар отлари фақатгина ўз эгасини тан олар, туёқлари ва тишларини ишга солган ҳолда эгаси қатори жанг қилар эди. Манбаларда бундай отлар ярадор суворийни ўлдирмоқчи бўлган ёки унинг қурол-яроғларини олмоқчи бўлган душманларни даф қилгани ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб мисоллар келтирилган. Бу ҳол жангда нафақат инсон, балки у билан ёнма-ён жанг қилаётган садоқатли йўлдош – отларнинг ҳам ўрни беқиёс бўлганлигидан далолат беради.

Отлар ўртача 25-30 йил яшайди. Айрим зотлари эса 40 йилгача яшаши мумкин. Отлар ўтхўр жониворлар синфига мансуб бўлиб, олимларнинг фикрича, бир кунда 25 килограммдан 100 килограммгача хашак ейди ва ёзда ўртача 30-60 литр, қишда 20—25 литр сув ичади. 1993 йилда жаҳонда отларнинг 427 та зоти борлиги айтилган эди.

Отда сайр қилиш инсонлар саломатлиги учун фойдалидир. Бу хақда ўз вақтида Платон (эрамиздан аввалги 427—347 йй.) ва Плинией (эрамиздан аввалги 23—79 йй.) ёзиб қолдирган. Отда юриш турли касалликларнинг олдини олар экан. Касалликларни от сайри орқали даволаш “райдингтерапия” (инглизча ride — отда сайр), ёки иппотерапия (юнонча hippos — от) дейилади. Бундан ташқари от гўшти бўлмиш қази ва сути бўлмиш қимизнинг даво экани нафақат бизда, балки ғарбда ҳам тан олинган. Айни дамда Италия, Франция, Бельгия, Японияда ҳам от гўштига қизиқиш кучаймоқда.

Отлардан эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда Месопотамияда жангларда фойдаланилган. Эрамиздан аввалги X асрда илк қуролли суворийлар пайдо бўлган. Ўшандан бошлаб отлардан транспорт воситаси сифатида ва жанглар учун фойдаланила бошланган. Отлар йиллар ўтган сари мамлакатлар ва халқларнинг миллий бойлигига айланди. Қадимда подшоҳ ва хукмдорлар зотли отларни асло сотишмаган, аммо юқори мартабали меҳмон ва дўстларига совға қилишган. Зотли от энг қимматбаҳо совға сифатида кўрилган. Бугунги кунда тоза зотли отларнинг баҳоси бир неча ўн миллион долларга баҳоланади. Айни дамда бир қатор мамлакатларда отлардан полиция бўлинмаларида фойдаланилади. От спортига ҳам қизиқиш кучайган. Ҳар йили АҚШда ўтказиладиган шоуда 10-15 мингга яқин от жалб қилинади. Айрим мамлакатларда Жаҳон отлар кўргазмаси ҳам ўтказиб турилади.

Бугунги кунда йилқичилик мамлакат тараққиётининг кўрсаткичларидан бири сифатида кўрилади. Отлар сони бўйича Хитой биринчи ўринда туради. Мексика, Бразилия, Франция ва Россияда ҳам йилқичиликка катта эътибор қаратилмоқда.

Истиқлолга қадар Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидан бошқа жойларда отларни учратиш амримаҳол эди. Отларни фақат ҳайвонот боғида ёки телевизордагина кўриш мумкин эди. Ҳозирги ёшлар, аслида отлар мусобақалари ўтказиладиган Иппадром деганда Тошкентдаги кийим-кечак бозорини тушунади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг кўплаб фермер хўжаликларида чорвачилик билан бир қаторда, йилқичилик ҳам жадал ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг йилқичиликни ривожлантириш орқали юрт равнақи, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш ва бандлик даражасини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

Туркманлар ахалтака отини миллий қадрият сифатида кўришади. Уларда ахалтака оти миллат рамзидир. Биз ҳам қорабайирни миллат тимсоли сифатида талқин қилишимиз керак. Ҳатто партияларимиздан бири ҳам ўз рамзини ўзгартириб қорабайирдан фойдаланса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки, айнан қорабайир қадим-қадимда миллатни дунёга танитган ва ҳозир ҳам миллий тикланишимизга ҳисса қўшади.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
10 294