Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 13:26 Чоп этиш версияси

Қоғоз ишлаб чиқариш истиқболларига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида ташкил этилган семинарда целлюлоза ва ёғочсозлик соҳаси олимлари, қоғоз ишлаб чиқарувчи, матбаа корхоналари раҳбарлари ва технологлари иштирок этди.

Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқаришнинг ҳолати, қоғоз саноатини ривожлантириш истиқболлари, матбаа корхоналари ва истеъмолчиларни маҳаллий офсет қоғози билан таъминлаш йўллари, маҳаллий иккиламчи толали материаллардан олинадиган қоғознинг босма техник хусусиятлари каби масалалар кун тартибига қўйилди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев таъкидланганидек, бугунги кунда ташкилот томонидан рўйхатга олиниб, давлат реестрига киритилган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1 минг 564 тани ташкил этса, уларнинг 1000 дан ортиғи даврий босма нашрлардир. Нашриётларимиз томонидан йилига 3 минг номдан зиёд, умумий адади 60 миллион нусхадан ортиқ турли китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, қоғозга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги қоғоз хомашёсига бир йиллик эҳтиёж жами 350 минг тонна бўлса, шундан 120 минг тоннадан зиёди офсет ва газета қоғозидир. Китоб, журнал, газета, ўқув дафтари, офис қоғози ва бошқа оқ қоғоз ва босма маҳсулотлари айнан офсет ва газета қоғозидан ишлаб чиқарилади.

Анжуманда қоғоз ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёлардан кенг фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, топинамбур ва теракдан олинадиган целлюлоза бу борада энг мақбулидир.

– Корхонамиз соҳа олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликда топинамбур поясидан целлюлоза олиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда, – дейди “ТOPINAMCELL” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Юнус Содиқов. – Лойиҳа амалиётга жорий қилингач, мамлакатимиздаги қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналарга хомашё етказиб берилади, шунингдек, целлюлоза экспортини йўлга қўйиш имкони туғилади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 818






Все о погоде - Pogoda.uz