Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.05.2018 11:49 Чоп этиш версияси

Оқолтиннинг обод қишлоқлари

Оқолтиннинг обод қишлоқлари
Сирдарё вилоятининг 8 туманидаги 16 маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Оқолтин туманидаги Андижон ва Бўстон маҳаллаларига кейинги йилларда етарлича эътибор қаратилмаган, айниқса, ички йўллар, кўп қаватли уйлар, маданий-маиший иншоотлар таъмирталаб бўлиб қолган, ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотида ҳам қатор муаммолар бор эди. 

– “Обод қишлоқ” дастури доирасида Андижон ва Бўстон маҳаллаларини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилди, – дейди Оқолтин тумани ҳокими Д.Фозилов. – Айни пайтда ушбу маҳаллаларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари авжида. Бундай эзгу ишлар навбатма-навбат тумандаги барча маҳаллаларда амалга оширилиши режалаштирилган. Асосий мақсадимиз – аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиб, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашдир. 

Бўстон маҳалласи Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани билан чегарадош. Ҳудудларнинг 4 секторга бўлиниши ва тузилган “йўл харитаси” бўйича ушбу маҳалла туман прокурори назоратида.

Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1 минг 383 оилада турли миллат ва элатга мансуб 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 2 умумтаълим мактаби, 1 қишлоқ врачлик пункти фаолият юритади. Маҳалла аҳолисининг 42 гектарлик томорқасида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.

– Ҳудудимизда тижорат банкидан олинган кредит маблағлари ҳисобидан 50 оила паррандачилик билан шуғулланса, 12 оила ўз томорқасида иссиқхона ташкил этган, – дейди “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Эсонбоев. – Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга ихтисослашган 114, чорвачиликка ихтисослашган 2 фермер хўжалиги ва яна 10 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда.

Ҳудуддаги уй-жойлар ва кўп қаватли уйларнинг том қисми капитал, фасад қисми қайта таъмирланаётир. Кўчаларни ободонлаштириш мақсадида 2 минг 500 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, 1 минг 800 погон метр гулзор ташкил этишга киришилган.

Маҳалла аҳли ичимлик сувини ташиб келтириб ичади. Ҳудудда бирорта ҳам мактабгача таълим муассасаси йўқ.

4.jpg

5.jpg

– “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳар бири 60 ўринли битта давлат бюджети ҳисобидан ва яна битта давлат шерикчилиги асосидаги хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган, – дейди туман прокурори Д.Тангиров. – Ҳудуддаги ҳар икки умумтаълим мактабининг иссиқлик тармоғи ҳамда фасад қисми ва қишлоқ врачлик пункти жорий, 1 хусусий дорихона капитал таъмирдан чиқарилиши ҳам назарда тутилган.

Маҳалладаги ички йўлларнинг 17,5 километри капитал, 1 километри жорий таъмирдан чиқарилади ва 10,2 километрлик пиёдалар йўлакчаси қайта тикланади. Маҳалла марказида замонавий автобекат қуриш ва 20 дан ортиқ кўчадаги ирригация лотокларини алмаштириш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳам дастур доирасида амалга оширилади.

Электр таъминоти мунтазамлигини таъминлаш мақсадида 1 дона қўшимча трансформатор ўрнатилиб, 04 киловаттли ҳаво электр тармоғини янгилаш ҳамда 22 дона симёғочни бетон устунларга алмаштириш, 54 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш ҳам дастурдан ўрин олган. Ҳудудда 1 мини-футбол майдончаси ҳамда якка тартибдаги қишлоқ тадбиркорларининг хусусий маблағлари эвазига фитнес спорт маркази, чойхона, озиқ-овқат дўкони қурилиши бошлаб юборилган.

5 минг 800 аҳоли истиқомат қилаётган Андижон маҳалласида ҳам худди шундай кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. 

Маҳалладаги кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний қурилган бинолар бузилди. Режага кўра, 14 километрлик ички йўлларнинг 3,8 километри капитал, 1,5 километри жорий таъмирланади, 1,9 километр йўл янгидан қурилади. 2,5 километрлик пиёдалар йўлаги қайта тикланиб, ирригация лотоклари янгисига алмаштирилади, маҳалла марказида замонавий кўринишдаги автобекат бунёд этилади. Электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида 4 дона қўшимча трансформатор ўрнатиш, 2,5 километр масофадаги 04 киловаттли ҳаво электр тармоғини янгилаш, эски симёғочларни бетон устунга алмаштириш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш режага киритилган.

Ҳар икки маҳаллада биттадан 2 қаватли маиший хизмат уйи ҳамда биттадан 2 қаватли савдо маркази қурилмоқда. 

Мухтасар айтганда, Андижон ва Бўстон маҳаллаларида дастур асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, уларни янада фидокорона меҳнат қилишга ундамоқда. 

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
5 068