Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2018 12:37 Чоп этиш версияси

Оқлов ҳукми нега чиқарилди?

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Адолат халқимиз учун тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси Муроджон Мирзажонов. – Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда”, деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юрт тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришгани тарихдан яхши аён. Суд жамият ҳаётида қонун устуворлиги, адолат барқарорлигини таъминлайдиган мустақил ҳокимият тармоғидир. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизим ходимлари масъулиятини оширмоқда. Судьялар томонидан жойларда очиқ мулоқотлар, сайёр суд мажлислари ташкил этиш йўлга қўйилди.

Илгари баъзан судда кўриб чиқилаётган иш қўшимча терговга қайтарилгани тўғрисида эшитиб қолардик. Бу эса суд жараёнининг чўзилиб кетишига, иш бўйича якуний қарор чиқаришнинг қонуний муддатлари бузилишига олиб келарди. Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институтининг бекор қилингани эса катта янгилик бўлди. Бу фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида судлар томонидан бир қатор оқлов ҳукмлари чиқарилди.

Масалан, дастлабки тергов органи томонидан Б.Умурзоқов 2012 йил 7 июнь куни Р.Салимовага тегишли Фарғона шаҳар, У.Юсупов кўчасидаги икки қаватли савдо дўконини жиноий йўл билан ўзлаштириш, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, Фарғона шаҳар 2-давлат нотариал идораси нотариуси Л.Васиев билан олдиндан тил бириктиргани, дўконнинг собиқ қонуний эгаси А.Умурзоқов номидан ўзига ишончнома тайёрлаб, имзо ва ёзувларни сохталаштиргани юзасидан жиноий иш кўриб чиқилган. Б.Умурзоқов юқоридаги сохта ҳужжатни тегишли органларга тақдим қилиб, савдо дўконини қўлга киритиш ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 28, 209-моддалари 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.

Жиноят ишини судда муҳокама қилиш чоғида судланувчи Б.Умурзоқов фуқаро Р.Салимованинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказиб, Жиноят кодекси 28, 209-моддаларининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги ўз тасдиғини топмаган. Шу сабабли, Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан 2017 йил 15 ноябрда Б.Умурзоқовга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Одил судловни фақат суд амалга оширади. Адолат қонун устуворлигида намоён бўлади. Суднинг кўрсаткичи судьялар томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлиши, халқнинг улардан розилиги билан белгиланади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 270