Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 15:11 Чоп этиш версияси

Оқ донанинг силжиши

Ижтимоий тармоқларнинг деярли барчасида профилим бор эди. Яқинда ҳисобласам, виртуал «дўст»ларим олти мингга яқинлашибди. Олти минг-а?! Бироқ, бундай ўйлаб қарасам, улардан 50 нафардан нари-берисини танийман, холос. Сўнг дам олиш кунларининг бирида халқимизнинг «Дўстинг кимлигини айтсанг, мен сенга кимлигингни айтаман» мақолига амал қилдим-у, нотаниш "ошно"лар билан барча "дўстлик алоқалари"ни уздим.

Албатта, ижтимоий тармоқларнинг фойдали жиҳатлари кўп: одамлар билан виртуал бўлса-да мулоқот қиласиз, ёзма нутқ ривожланади, гап гапни очади, янги фикр ҳам келиб қолар балки. Аммо улар орасида тасдиқланмаган, фитна қўзғайдиганлари ҳам кам эмас. Шунинг учун дастлаб бир савол туғилади: ижтимоий тармоқ нима учун керак?

Тўғри, бугун ижтимоий тармоқлар фаол мулоқот воситасига, жамоатчилик назоратининг самарали шаклига айланган. Лекин инсон азиз умрининг ғанимат ҳар лаҳзасини ижтимоий тармоқларга сарфлаши ҳам қанчалик тўғри?

Яқинда бир воқеага гувоҳ бўлиб, бу ҳақда кўпроқ ўйлайдиган бўлиб қолдим.

...Ўғил отасига берган ваъдасини бажарди – шахмат бўйича мактабда, туманда ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлди. Ота ҳам ваъдага вафо қилди: ғолибга қўл телефони олиб берди, қўни-қўшнини чақириб, дастурхон ёзди.

– Ўғлим, бу телефон сенга совға. Унинг имкониятлари жуда кўп. Лекин бир мажбуриятни ёдингда тут: бунинг хотирасида бўлар-бўлмас нарсаларни сақлама, – дея ота кўпнинг олдида фарзандига қатъий уқтирди. – Интернетга кирмайсан. Нима?... «Одноклассники»га умуман рухсат йўқ. Хўш, яна...

Хонтахта устидаги телефоннинг устма-уст «виз-виз» қилиши ота-боланинг суҳбатини бўлди. Мезбон телефонини олиб бир муддат титкилади. Даврага ноқулай жимлик чўкди.

– Узр... узр! Бу интернет дегани одамни шунақа беодоб, баъзида эътиборсиз қилиб қўяр экан, – деди фарзандига танбеҳ бериб турган ота бояқиш телефонни жойига қўяр экан ўнғайсизланиб. – Кеча «Фейсбук»ка ўғилчанинг ғолиблик дипломини баланд кўтариб тушган суратини жойлаган эдим. Таниган-танимаган роса табриклади, «зўр» белгисини қўйди. Биттаси «Ростини айтинг, бу ғалаба учун қанча харажат қилдингиз?», деб сўрабди. Ҳазиллашяпти, деб ўйладим. Шундай бўлса-да, саволни борича қабул қилиб, ўғлимиз ҳеч қандай пулли шахмат тўгарагига қатнамагани, мактабда, уйда мустақил шуғулланишини айтаман дегунимча «Танловларда ҳақиқат йўқ, кимнинг ҳомийси зўр бўлса, ўша ютади, мактабларда тўгараклар номигагина мавжуд», деган иддаолар аралаш муҳокамалар бошланиб кетди, денг. У десам, бу дейди, бу десам, у. Хуллас, эрталабдан тушгача – сизлар келгунча шу билан овора бўлдим. Вақтим ҳам, асабим ҳам кетди...

ZiyoNET таълим портали бор. Ундаги «Савол-жавоб», «Гуруҳлар» деб номланган бўлимлар ишлаш тартиби, имкониятларига кўра ижтимоий тармоқларга ўхшаб кетади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ZiyoNET бўлими мутахассислари бу ресурсларда ёшлар ўртасида интернетдан фойдаланиш маданияти ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришга, сўровномалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди, бу маконга ахборот олиш, фикрларини бошқалар билан бўлишиш эҳтиёжи сабаб кирилади, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ZiyoNET бўлими етакчи мутахассиси Фарид Шомурзаев. – ZiyoNET таълим порталида ёшларнинг ахборот олишга бўлган ана шундай талаби ўрганилган ҳолда электрон ва аудио китоблар сони мунтазам янгилаб, кўпайтириб борилмоқда. Мамлакатимизда интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишлари, жумладан, электрон китобхонликни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида алоҳида таъкидлаганидек, "Фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз". Биз ҳам ана шу фикрдан келиб чиқиб, ёшларни китобга қайтариш, мутолаага ошно қилишга эътиборни янада кучайтирмоқдамиз.

Интернет ҳаётимизда катта аҳамият касб эта бошлаши билан бугунга қадар бир савол кун тартибидан тушмайди: ёшлар интернетда – маърифат ва жаҳолат чорраҳасида тўғри йўлни танлаб олишлари учун нима қилиш керак? Ҳозирча бу борадаги кўпнинг хулосаси шуки, болани ота-она назорат қилса, самараси тезроқ сезилади. Афсуски, кўп ота-оналар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини яхши билмайди ё ҳафсала қилмайди. Ҳолбуки, фарзанд, яъни келажак тарбиясида ота-она фаол ва ҳушёр, доимо янгиликка интилувчан бўлиши ўта муҳим.

– Бугунги глобаллашув даврида нафақат йирик оммавий ахборот воситалари, балки турли бузғунчи ғояларни, ваҳшийлигу беҳаёликни тарғиб қилувчи сайтлар машҳур ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини юритмоқда, – дейди «Texnoprosistem» масъулияти чекланган жамиятининг «TPS» интернет провайдери масъул ходими Жасур Зоҳидов. – Маркетологлар ҳам ўзларининг тарғибот ва реклама роликларини жойлаштириш учун шу йўлдан самарали фойдаланаётир. Интернет оммалашгандан кейин ота-оналар фарзандига «Ёмон болалар билан ўйнама», «Ёлғон гапирма», «Ўзингдан каттани ҳурмат қил», деб уқтириши қаторига «Интернетга камроқ кир», «Фалон сайтга кирма» деган сўзларни ҳам қўшишга мажбур бўлмоқда. Яхши тарбия кўрган, китобга қизиқиши бор бола бу гапларга амал қилади. Лекин интернет борасида ота-онанинг оғзаки чекловига ҳамма бола ҳам бирдек қулоқ солмаслиги мумкин. Бундай пайтда техник имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Масалан, баъзи интернет провайдерлари глобал тармоқда учрайдиган номақбул ахборотни блок қиладиган махсус дастур ва хизматларни тақдим этади. Бизнинг «Ота-она назорати» деб номланган хизматимиз ана шулар жумласидан. Бу хизмат томонидан оилада интернетга уланган компьютерда тақиқланган веб-сайтлар рўйхати ҳар куни автоматик равишда тўлдириб борилади. Тизим «қора рўйхат» тамойили бўйича ишлайди – блок қилинган сайт компьютерда ёки Wi-Fi бўйича уланган смартфонда ҳам очилмайди. Бола бу тўсиқни енгиб ўта олмайди. Бундан ташқари, тизим баъзи сайтларга кирилганда чиқиб келаверадиган ёқимсиз, беҳаё реклама баннерлари ва ёзувларни ҳам ўчиради.

“UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази маълумотларига кўра, «Davra.uz» миллий ижтимоий тармоғи мамлакатимизда оммалашаётган ижтимоий тармоқлардан бири. Мазкур тармоқ ишга туширилганига бир йилдан ошди. Шу вақт оралиғида тармоқдан фойдаланувчилар 16 минг 700 га яқинлашди. Фойдаланувчилар мазкур тармоқ ёрдамида интернетда синфдошлари, курсдошлари, хизматдош ёки ҳамкасбларини топиши мумкин. Шунингдек, қизиқиш бўйича гуруҳлар, саҳифалар ташкил этиш ва ўз бизнесини таклиф этиш учун ундан восита сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд. Стандарт сервислар асосида матнли ахборот, фотосурат, видеоролик, лайк жойлаштириш, шарҳлаш, мессенжерда мулоқот қилиш имконияти яратилган.

Шифокор ва психологларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқда узоқ вақт ўтириш инсон иммун тизимига салбий таъсир кўрсатиб, ўсиш гормонининг ривожланишини чеклайди. Кўриш қобилиятини пасайтиради. Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш инсоннинг ижтимоий кўникмаларига салбий таъсир кўрсатади. Онлайн-сервислар ҳатто инсоннинг туғма қобилиятлари пасайишига ҳам сабаб бўлади.

Халқимиз асалнинг ҳам ози ширин, деб бежиз айтмаган. Ҳар қандай ишда меъёрга амал қилинса, умр ҳам тотли бўлади.

...Дарвоқе, қўшниларнинг ижтимоий тармоқ ҳақидаги баҳси узоқ давом этди. Лекин негадир мен гурунгга қўшила олмадим. Бутун хаёлим боланинг телефондан кўз узмай ўтиришида, бутун борлиғини шу матоҳга бериб ўйланаётганида бўлди.

Мавридини топиб энди йигитчанинг қулоғидан чўзиб қўяман, деб турган эдим, ташқаридан «Фарҳоджон, болам...» деган овоз келди. Бола чопқиллаб ҳовлига чиқди. Телефон жойида қолди. Бир узалиб, уни қўлимга олдим. Не кўз билан кўрайки, экранда шахмат тахтаси! Сўнг қандайдир хотиржам тортиб, оқ доналардан бирини бир катак юриб қўйдим...

Икром Аввалбоев, ЎзА
2 961






Все о погоде - Pogoda.uz