ЎзА Ўзбек

01.02.2018 19:10 Чоп этиш версияси

Оҳангаронликларнинг муаммолари ўрганилди

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъул ходимларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан навбатдаги оммавий қабул ўтказилди.

Маълумотларга кўра, 2017 йил 1 январдан бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига Оҳангарон тумани фуқароларидан 5 минг 991 мурожаат, Оҳангарон шаҳри аҳолисидан эса, 144 мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 26 фоизи Оҳангарон тумани ҳокимлиги ваколати доирасида бўлиб, ҳокимлик мутасаддилари томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 1 минг 554 таси кўриб чиқилган, 3 та ҳолат бўйича ўрганишлар давом этмоқда. Мурожаатларнинг 38,9 фоизи Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ бўлиб, уларнинг 98 таси кўриб чиқилган. Қолган 46 ҳолат бўйича ўрганишлар давом этмоқда.

Мурожаатлар асосан суд-ҳуқуқ, солиқ соҳасига оид муаммолар, ер-кадастр, банкдан кредит олиш, ишга кириш, турар жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, болалар нафақаси, алиментни ундириш каби масалалардир. Йўл қурилиши, пенсия ва нафақа таъминотига алоқадор кўплаб мурожаатлар ҳам Оҳангарон шаҳар ва туман аҳолисини ўйлантираётгани маълум бўлди. Аниқланган камчилик ва қилинган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Оҳангарон шаҳри Орзу маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи Гулмира Охунова ҳудудда болалар майдончаси, автомашиналар учун махсус турар жой қуриш бўйича оммавий қабулга қилган мурожаати ижобий ечим топадиган бўлди.

– Ўтган йили маҳалламизда жойлашган кўп қаватли уйлар атрофидаги йўллар қайта таъмирланиб, асфальт қилинди, – дейди Г.Охунова. – Энди навбат болалар майдончаси ва автотурар жой қуришга келди. Биз яшайдиган кўп қаватли уйлар атрофида фарзандларимиз учун ўйин майдончалари ҳалигача қурилмаган. Махсус автотурар жойлар йўқлиги учун аҳоли машиналарини кўчага тартибсиз қўйиб кетаверади. Ушбу масала бўйича қилган мурожаатим мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди. Жорий йилнинг февраль ойида маҳалламизда ҳокимият ҳомийлигида ушбу қурилиш ишлари ҳам бажариладиган бўлди.

Тумандаги "Нўғой қўрғон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сарвиноз Абдусамадова кичик фарзанди II гуруҳ ногирони бўлгани учун унга қараб, анчадан буён ишга жойлашолмаётган эди. Оммавий қабулда соҳа ходимлари томонидан унинг оилавий широити ўрганилиб, туманда янги ташкил қилинаётган текстиль заводига ишга қабул қилинадиган бўлди.

– Анчадан буён оилавий муаммолар кўпайиб, шароитим ёмонлашаётгани туфайли ўзимга мос иш тополмаётган эдим, – дейди С.Абдусамадова. – Оммавий қабулда мутахассислар муаммоларимни эшитиб, оиламизга моддий ёрдам кўрсатадиган бўлди. Туманимизда янги ташкил қилинаётган пайпоқ ишлаб чиқарадиган корхонага ишга қабул қилинадиган бўлдим. Бундан жудаям хурсандман.

Тадбир доирасида туман ҳокимлиги томонидан аҳоли учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда ҳудуддаги фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган, арзон нархда сотувга қўйилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорларга манзур бўлди.

Шунингдек, “Соғлом авлод учун” xалқаро хайрия фонди Тошкент вилояти ҳудудий филиалининг малакали терапевт, ортопед, педиатр, умумий амалиёт шифокорлари томонидан аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий текширувлар давомида касаллик даражасига қараб беморларга зарур тавсиялар берилди. Тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкилотчилар томонидан 8 турдаги дори-дармон бепул тарқатилди.

Худди шундай оммавий қабуллар Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларида ҳам ўтказилди. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат гуруҳлар томонидан тўрт секторга бўлиниб, жойига бориб ўрганилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
15 555