Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 17:27 Чоп этиш версияси

Оҳангарон политехника касб-ҳунар коллежида китобхонлик тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти ва Оҳангарон тумани бўлимлари, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ходимлари, тумандаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мутолаа инсоннинг билимини ошириш билан бирга, дунёқарашини кенгайтиради, тафаккурини юксалтиради, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Оҳангарон тумани бўлими раҳбари Ш.Абдураҳмонова. – Ҳомийлар кўмагида ҳудуддаги Ойбек номидаги кутубхонага 6 миллион сўмлик турли ўқув адабиётлар, миллий қадриятларимиз, бой тарихимиз акс этган бадиий, илмий-оммабоп китоблар совға қилинди. Бундан ташқари, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришда жойларда ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркалари ташкил этилмоқда. Миллий ва жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини тарғиб қилишга бағишланган “Оилаларга – маърифат улашиб” шиори остидаги китоб тарғиботи акциясида кам таъминланган оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир доирасида Конституциямизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Конституция, демократия ва миллий маънавият” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
9 439