ЎзА Ўзбек

24.04.2018 13:27 Чоп этиш версияси

Нуротада замонавий меҳмонхона

Нуротада замонавий меҳмонхона Навоий вилояти Нурота тумани юртимиздаги ўтмиши бой, туризм салоҳияти юқори ҳудудлардан. Айниқса, бу ердаги “Чашма” тарихий обидасидан йил давомида сайёҳ ва зиёратчилар қадами узилмайди.

Мажмуада меҳмонларга замонавий хизмат кўрсатиш, сайёҳларни ҳудуд тарихи ва маданияти билан таништириш, ўзига хос ноёб инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда зиёратгоҳ ёнида муҳташам музей биноси, ҳунармандлик маркази барпо этилаётир. Шунингдек, обида ёнида 50 ўринга мўлжалланган миллий меҳмонхона қад ростлади. 

1.JPG

– Бинони бунёд этишда ҳудуднинг архитектура тарихи, ўзига хос меъморчилик анъаналари пухта ўрганилди, – дейди “Буюк иморат қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Н.Орипов. – Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан моҳир ҳунармандлар жалб этилди. Қўқонлик усталар девор ва пештоқларни керамика билан безаган бўлса, бухоролик наққошлар нафис шарқона нақшлар солди. Меҳмонхона ертўласида спорт зали ва дам олувчи зиёратчиларга намозхона ажратилган. Биринчи қаватда имконияти чекланган сайёҳлар учун махсус хоналар ҳам мавжуд.

“Чашма” мажмуаси атрофини кўркам кўринишга келтириш мақсадида айрим хонадонлар ўзларига қулай ҳудудларга кўчирилмоқда. Тиғиз ва бетартиб қурилган уйлар ўрнида 2 ва 3 қаватли замонавий турар жой бинолари барпо этилади. Уйларнинг 1-қаватида ҳунармандлик расталари ва савдо дўконлари жойлашади. Масалан, 3 қаватли уйнинг юқори қисмида меҳмонхона ташкил этилиши хорижий сайёҳларни ўзбек оиласи турмушидан хабардор этиб, Нурота маданияти билан танишиш, миллий таомларнинг тайёрланиш жараёнини ўрганиш имконини беради. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда обида ҳудудидаги “Чилустун” ва “Панжвақта” масжидлари ҳам реконструкция қилиниши кўзда тутилган. “Чашма”га кириш дарвозасининг икки ёнида муҳташам кутубхона ва конференциялар зали барпо этилади. Мажмуанинг юқори қисмидаги Нур қалъаси ўрнида миллий кўринишдаги кузатув майдони тикланади.

5.JPG

10.JPG

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
5 373