Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 19:28 Чоп этиш версияси

Нуронийлар эъзозланаётган юрт обод бўлади

Термиз шаҳридаги “Турон” тўйхонасида нуронийлар учун Наврўз шодиёнаси ва янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши муносабати билан байрам дастурхони ёзилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, турли байрамлар арафасида кексаларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилат экани алоҳида таъкидланди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони аждодлардан мерос бундай улуғ қадриятларимизни изчил давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мамлакатимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик айёми сифатида кенг нишонланаётган Наврўзи олам руҳига аҳиллик, тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам беришдек эзгу ғоялар чуқур синдирилгани ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Вилоятда истиқомат қилаётган 150 мингдан зиёд нуронийнинг 114 нафари 100 ёшдан ошган табаррук отахон ва онахонлардир.

– Президентимиз раҳнамолигида кекса авлод вакилларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Термиз шаҳар бўлими раиси Парда Холматов. – Бундай ғамхўрликлардан руҳланиб, ёшига ёш қўшилаётган нуронийларимиз навқирон авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Улуғ айёмлар арафасида ташкил этилаётган ҳашарлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойликларига бош-қош бўлаётир.

Сурхондарё вилоятида ҳам янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш фасли олдидан кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, боғ-роғлар, гулзорлар барпо этилмоқда. Вилоят ғаллакорлари 97 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари парваришлаётир. 99 минг 200 гектар майдонга чигит қадаб, ундан мўл ҳосил олишга пухта тараддуд кўрмоқда. Миришкорлар ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, сархил мева-сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга бел боғлаган. Юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган бу каби улуғвор ишларни сифатли ташкил этишда ҳам кекса авлод вакилларининг хизматлари алоҳида.

– Аждодлардан безавол ўтиб келаётган миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда бизга кўрсатилаётган юксак эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз, – дейди музработлик меҳнат фахрийси Дўстқобил Қодиров. – Мустақиллик бўлиб, азалий қадриятларимиз ва миллий байрамимиз – Наврўз қайта тиклангани катта бойлик. Айниқса, бу йил миллий байрамимизнинг асл ҳолича умумхалқ сайли сифатида кенг нишонланаётганидан беҳад хурсандмиз. Қарияларга меҳр кўрсатилиб, уларни қадрлаш ажойиб анъанага айланган юртимизда ҳаётимиз тинч, дастурхонимиз тўкин-сочинлигига шукрона айтамиз. Фарзандларимиз, невара-чевараларимиз турмушидан кўнглимиз тўқ. Ёшларга бугунги осойишта ва фаровон турмушнинг қадрига етишни уқтириш бизнинг вазифамиз.

Байрам дастурхонида кекса авлод вакилларига совғалар берилди. Нуронийларнинг бир пиёла чой баҳона самимий гурунглари тадбирга ўзгача файз бағишлади. Давлатимиз раҳбари бошлаган эзгу ишларга ривож, юртимизга тинчлик-осойишталик, деҳқонларимизга қут-барака тилаб дуолар қилинди. Ватан, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 087






Все о погоде - Pogoda.uz