Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 15:18 Чоп этиш версияси

Нуронийлар доимо эъзозда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ уруш ва меҳнат фахрийларини моддий ва маънавий рағбатлантиришга бағишланган тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши томонидан “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар доирасида пойтахтимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти қатнашчилари ҳолидан хабар олинди.

Узоқ йиллар юртимиз хизматига камарбаста бўлиб, бугун кексалик гаштини сураётган, Ватанимиз истиқболи, фарзандларимиз иқболи учун дуогўй фахрийларнинг ҳаёти бугунги ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир.

– Уруш кўплаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди, – дейди Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исроил Ойхўжаев. – Сафдошларимизнинг қанчаси жанггоҳларда қолиб кетди. Ўша фидойи ўғлонлар хотираси азиз. Омон-эсон қайтганларнинг қадри юксак. Халқимиз, шогирдларимиз ардоғида умргузаронлик қилаётганимдан бахтиёрман. Бизни йўқлаб келганларидан бошим кўкка етди, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Учрашувда уруш қатнашчилари ҳамда фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар йиғилганларга ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

– Ўтганлар хотирасини ёд этиш, кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятларимиздан ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев. – Байрам арафасида фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга уй юмушларида кўмаклашиш, турар жойларини тартибга келтириш мақсадида ўтказилаётган ҳашарлар авлодлар ўртасидаги меҳр ришталарини мустаҳкамламоқда. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда бундай учрашувларнинг аҳамияти катта.

Уруш ва меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 435






Все о погоде - Pogoda.uz