ЎзА Ўзбек

13.04.2018 20:26 Чоп этиш версияси

«Нурафшон» шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов: Самарқанд ва Бухородаги миллий шакллардан фойдаланамиз

«Нурафшон» шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов: Самарқанд ва Бухородаги миллий шакллардан фойдаланамиз
Биз Тошкент вилоятидаги Нурафшон шаҳрини қурилиш майдончасида турибмиз. 246 гектарда қурилиши мўлжалланган «ақлли» шаҳарчада дастлабки қурилиш ишлари бошланганига гувоҳ бўлдик. Қизиқ, қурилиш жараёнида унинг «ақлли» эканини англатувчи белгилар кўринмайди. Мазкур шаҳарнинг ақлли жиҳатлари ҳақида билиш учун «Нурафшон» шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов билан суҳбатда бўлдик. 

photo5350730314340739321.jpg

- Шаҳримизнинг «ақлли»лиги энг охирги технологиялар қўлланиши ва инсоннинг яшаши, ҳаёт кечириши учун қулайлик жиҳатларида кўринади. Ундаги уйлар, бинолар автоматлаштирилган бўлади. Яъни ўзингиздаги мавжуд смартфон ёки планшет кўмагида уйингизни иссиқлиги, ёруғлигини назорат қила оласиз. Транспорт қатнови, қайси маршурут қачон келиши ҳақидаги саволларни жавобини биласиз. Марказда янги замонавий бекатлар бўлади. Агар смартфон ёки планшетингиз бўлмаса, бекатларда ўрнатилган экранлардан автобуслар ва маршуруткаларни келиш - кетиш вақти ҳақида маълумот оласиз.

Экологияни тозалигини сақлаш мақсадида чиқиндиларни ташлаш нуқталаридаги контейнерларга GPS навигатори ўрнатилади. Бу ускуналар бошқарув тизимига контейнерларни тўлгани ҳақида маълумот юборади. Бу эса чиқинди ташувчи транспортларни бекорга вақт сарфлаб, тўлмаган чиқиндихона олдига бормаслик, тўлганини эса вақтида олиб кетишга имкон беради. Шаҳарда 200 та кузатув камералари ўрнатилиб, марказлашган ҳолда хавфсизлик таъминланади.

Яна бир гап. Шаҳарда мўътадил ҳавони таъминлаш учун сунъий канал қурилади. Бизнинг ерларимизда ер ости сувлари яқин. Уларни канал орқали шаҳар айлантириб, мўътадил иқлимни ушлаб турамиз.

Барча хизматлар автоматик бошқарилиши кутилаётган ҳудудда қанча аҳоли яшайди?

Ақлли шаҳримиз 20 минг нафар аҳолига мўлжалланган. Ҳисоблаб кўрсак, марказ ҳудудидаги ташкилотларда ишловчи ходимлар сони қарийб 7 минг нафар экан. Уларни оила аъзолари билан қўшсак 17 минг нафарни ташкил қилди. Маиший хизмат, маданият маркази, савдо уйларида хизмат кўрсатадиганлар сони уч минг нафарни ташкил этади. Ушбу ҳисоб-китоблар асосида 20 минг аҳолига мўлжалланган шаҳарча қуришга қарор қилинди.

Шаҳар марказида маъмурий бинолар бўлади. Лойиҳада энг юқори нуқтада вилоят ҳокимлиги, атрофида бошқа ташкилот ва корхоналар жойлашган. Стадион, ёпиқ сув ҳавзаси, бизнес марказлари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона учун ҳам алоҳида жой ажратилган. Истироҳат боғлари, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Айни вақтда лойиҳага ўзгартиришлар киритилгани ҳақида эшитдик. Бунинг сабаби нима? Шунингдек, бу лойиҳа ким томонидан ишлаб чиқилгани, уни кимлар қуриши кўпчилик учун қизиқ?

- Бу лойиҳани Сингапурдаги йирик компания ишлаб чиқди. Сўнгра юртимиздаги лойиҳалаш ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон стандартларига мослаштирилди. Шаҳарчани қуриш билан хорижлик мутахассислар шуғулланади. Қуриш ва қурилиш назорати тўлиқ уларда бўлади. Ҳозирда ана шу қурилиш ташкилотларини таклифлари ўрганилиб, улар ўртасида танлов ўтказилмоқда. Унда Туркия ва Хитой компаниялари фаол иштирок этмоқда.

Ўзгартиришга келсак, хорижлик мутахассислар таклиф қилган лойиҳадаги айрим объектларга замонавийлигини йўқотмаган ҳолда миллий безаклар туширишга келишиб олинди. Биноларнинг ташқи ва ички кўринишида Самарқанд ва Бухородаги миллий шакллардан фойдаланилади.

«Ақлли» шаҳар қачон қуриб битказилади? Кўпчиликда кучли қизиқиш уйғотаётган шаҳарда инсонлар қачон яшай бошлайди?

Биринчи қисми икки йилда қуриб, ишга туширилади. Унда маъмурий бинолар, спорт ва тиббиёт объектлари барпо этилади. Уларда фаолият юритувчи аҳоли учун уй-жойлар қурилади.

Шаҳарни 246 гектарда тўлиқ бунёд этилиши учун беш йил белгиланган.

Сайёра Шоева, ЎзА
8 276