Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Нукусда “Автотест Репорт” маркази иш бошлади

Нукусда “Автотест Репорт” маркази иш бошлади
Мамлакатимизда ҳайдовчилик маданияти ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг билимини бойитиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида қўлланилаётган инновацион услублар ўқитиш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Бу эса малака имтиҳонларини топшириш самарадорлигини юксалтириш ҳамда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласида ҳуқуқий билимини ошириш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, ҳайдовчилар малакасини мунтазам оширишни назарда тутадиган қонун талаблари етарли даражада бажарилмаяпти. Аксарият ҳолларда юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларига айланиб қолмоқда.

7.jpg

Йўл ҳаракати хавфсизлиги, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кучайтириш, ўқув жараёнига инновацион услубларни жорий этиш йўли билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Автотест Репорт” масъулияти чекланган жамиятига юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари ҳайдовчилари билими ва иш тажрибасини ошириб бориш вазифаси юклатилди.

Нукусда “Автотест Репорт” масъулияти чекланган жамиятининг очилишига бағишланган маросимда манфаатдор вазирликлар ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар янги ўқув марказида яратилган шароитлар ва ўқув жараёни билан танишди.

16.jpg

– Марказимизда автотранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича қайта ўқитишнинг янги методлари қўлланилган ҳолда, замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилади, – дейди “Автотест Репорт” масъулияти чекланган жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари З.Бобоназаров. – Ўқув жараёнида ҳайдовчиларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга қаратилган ўқув мониторингини юритиш ва уни режалаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган комплексли ахборот тизими жорий қилиниб, ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш бўйича Автотест 3.0 ўқув-услубий комплекси амалиётда қўлланилади. Жорий йил 1 январидан бошлаб, ўқув марказида ҳудуддаги барча юридик шахсларнинг транспорт ҳайдовчилари икки йилда бир маротаба малакасини ошириб боради ва уларга “Автотест Репорт” МЧЖ ўқув комплексининг сертификати топширилади.

5 (1).jpg

Ўқув маркази ташкил этилиши билан 25 доимий иш ўрни яратилди.

Анвар Насирлаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
10 791