ЎзА Ўзбек

01.09.2018 10:22 Чоп этиш версияси

Нукус шаҳрида янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди

Нукус шаҳрида янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами шукуҳи ҳукм сураётган шу кунларда Нукус шаҳрида ҳар бири 45 хонадондан иборат 10 та уй-жой фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, янги уй соҳиблари ҳамда уларнинг яқинлари иштирок этди.

Ушбу уйлардан олтитаси ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бўлган шахсларга бошланғич тўловларсиз берилгани эътиборга молик.

– Беш қизим бор, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида ҳамшира бўлиб ишлайман, – дейди янги хонадон соҳибларидан бири П.Абдижамилова. – Турмуш ўртоғим оламдан ўтгандан кейин уй олишга ишончим сўнган эди. Тегишли идоралар ходимлари томонидан менинг ижтимоий аҳволим ҳисобга олиниб 3 хонали квартира берилди. Бунга ҳозир ҳам ишона олмаяпман, жуда хурсандман. Уйда ҳамма қулайликлар мавжуд экан. 

2.jpg

Шу куни мазкур ҳудудда янгидан қурилган 8-сонли оилавий поликлиника ва нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам фойдаланишга топширилди. 

Тадбир санаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди. 

Уйларни топшириш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.                                                   

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
4 983