Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 16:21 Чоп этиш версияси

Нукус шаҳрида содир бўлган 122 ёнғиннинг 113 таси фуқаролар турар-жойларида юз берган

Президентимизнинг жорий йил 23 майдаги «Ички ишлар органлари Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ёнғинлар профилактикаси тадбирлари ўтказилмоқда.

Нукус шаҳар ички ишлар бўлими Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университетида ўтказилган тарғибот тадбири давомида ёнғин хавфсизлиги воситалари кўргазмаси ва амалий ўт ўчириш машғулотлари намойиш этилди.

Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш қоидалари, одамларни хавфсиз жойга кўчириш, жароҳтланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, ёнғинни имкон қадар кам талафот билан бартараф этиш бўйича тушунчалар берилди. Ёнғин содир бўлишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, хонадонларда ёш болаларни назоратсиз қолдирмаслик, уй-рўзғор электр буюмлари, маиший техникалардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Нукус шаҳрида содир бўлган 122 ёнғиннинг 113 таси фуқаролар турар-жойларида юз берган.

– Аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари изчил олиб борилаётган бўлса-да, ёнғин содир бўлиш ҳолатлари сезиларли даражада камаймаётир, – дейди Нукус шаҳар ички ишлар бўлими Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи ўринбосари Темур Ўрозбоев. – Шаҳарда содир бўлган ёнғинларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил этилганда, кўпроқ болаларнинг қаровсиз қолдирилиши, техник носоз асбоб-ускуналарга бепарволик, газ, электр ускуналаридан нотўғри фойдаланиш эканлиги маълум бўлди. Профилактика тадбирларидан кўзланган асосий мақсад ёнғинларнинг олдини олиш, аҳолининг ёнғинни бартараф этиш, ўзи ва ўзгалар ҳаёти ва соғлиғи, моддий бойликларни ҳимоя қилиш бўйича билим ва кўникмасини ошириш, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга ўргатишдан иборат.

Мамлакатимиздаги йирик корхоналардан бири – Қўнғирот туманининг Ақшулоқ посёлкасида қад ростлаган Устюрт газ-кимё мажмуасидаги 5-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан ҳам профилактика ишлари қатъий режа асосида олиб борилмоқда. Алоҳида муҳофаза қилинадиган стратегик иншоотда ёнғин содир бўлишининг олдини олиш бўйича ҳар бир ишчининг билим ва сергаклиги оширилиб, ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисида кенг тушунча берилмоқда.

Мажмуа ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси замонавий техникалар, хусусан, баланд нарвонли машиналар, ўт ўчириш ускуналари, хавфсизлик жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган. Улардан самарали фойдаланиш бўйича ўтказилган кўргазмали машғулот корхона ишчиларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги билим ва кўникмасини оширишга хизмат қилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 673






Все о погоде - Pogoda.uz