Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 16:00 Чоп этиш версияси

14 ноябрь куни диспансерда очиқ эшиклар куни ташкил этилди

Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни муносабати билан ҳар йили ноябрь ойида бутун дунёда диабет ойлиги ўтказилади. Юртимизда ҳам ушбу тадбир уюшқоқлик билан ўтказиб келинмоқда.

– Жорий йилда ойлик тадбирларини “Аёл ва диабет” мавзусида ташкил этиш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти эндокринология диспансери бош шифокори Г.Неъматова. – Шундан келиб чиқиб, Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий диспансерлар томонидан аҳоли ўртасида кенг кўламли профилактика тадбирлари, тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Жумладан, пойтахтдан келган мутахассислар ҳамда диспансер шифокорлари вилоятнинг Пахтачи, Нарпай сингари олис туманларида хотин-қизлар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур тавсия ва маслаҳатлар берди. Кексалар, ногиронлар ва беморларнинг хонадонига бориб, саломатлиги кўрикдан ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида касаллик аниқланган фуқаролар рўйхатга олиниб, уларни даволаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, ойлик доирасида диабетлар уюшмаси, қандли диабетга чалинганларга ёрдам кўрсатувчи “Умид Д” нодавлат ташкилоти ва хусусий клиникалар билан ҳамкорликда бемор болалар, кам таъминланган оилалар вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга зарур дори-дармон ва бошқа воситалар берилди. 14 ноябрь куни диспансерда очиқ эшиклар куни ташкил этилиб, барча фуқароларга тиббий кўрикдан ўтиш учун кенг имконият яратилди.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти эндокринология диспансери замон талаблари даражасида бунёд этилиб, 50 қатновга мўлжалланган амбулатор поликлиника, 60 ўринли стационар даволаш бўлимлари орқали аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Диспансернинг 60 дан ортиқ врач ва мутахассислари билан бирга, Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари ҳам ҳар ҳафта вилоятга келиб, беморларга ўз маслаҳат ва тавсияларини беради. Шунингдек, марказ ва диспансер ўртасида онлайн видеомулоқот ўтказиш имконияти яратилгани беморларга аниқ ташхис қўйиш ва уларни самарали даволашга хизмат қилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 091






Все о погоде - Pogoda.uz