ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида кодекс ишлаб чиқилмоқда

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида кодекс ишлаб чиқилмоқда

Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан пресс-брифинг ўтказилди.

Пресс-брифингда соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари тушунтирилиб, 2019 йил фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлиги ҳамда фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини ошириш бўйича сезиларли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Бугунги кунда республикада турли соҳаларда 10 минг 462 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти, 2 минг 200 дан ортиқ диний ташкилот ва 2000 га яқин ОАВ фаолият кўрсатиб келмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар соҳасида 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, биргина охирги икки йилда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, ННТларга адлия органлари билан боғлиқ барча хизмат ва алоқаларни электрон шаклда амалга ошириш имконини берувчи E-ngo.uz сайти синов режимида ишга туширилди.

Ҳудудларда ННТлар ижара тўловисиз жойлаштирилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилди. ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари умумий тарзда 2 баробарга қисқартирилди.

Брифингда қайд этилганидек, ҳудудларда ННТ фаолиятини ривожлантириш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ҳозирда ННТларнинг кўпчилиги республика миқёсида ташкил этилмоқда. Туманлар, овуллар, чекка ҳудудларда ННТлар деярли ташкил этилмаяпти. Ваҳоланки, бизда асосий муаммолар айнан ҳудудларда, туманларда кўпроқ учрайди. Бу борада ҳудудларда ННТлар фаолиятини ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. 

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасида барча қонун ва қонуности ҳужжатларни бирлаштирувчи Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилиб, унинг фаолиятини амалга ошириш бўйича низом ишлаб чиқилаётганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, пресс-брифингда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини ҳамда фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади. Бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийлиги белгиланди.

Шунингдек, мазкур қарор билан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, жамоатчилик назорати шаклларини амалга ошириш механизмларини батафсил регламентация қилиш, уларни амалиётда самарали қўллаш масалалари бўйича қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

621
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА