Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.11.2017 16:32 Чоп этиш версияси

Нефть ва газ қазиб олишга ўзбек олимлари муносиб ҳисса қўшмоқда

Тошкентда «Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг инновацион технологиялари» мавзуида республика илмий-техника конференцияси ўз ишини бошлади.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан «Ўзнефтгазқазибчиқариш», «ЎзЛИТИнефтгаз» акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган анжуманда тармоқ корхоналари, «Лукойл Ўзбекистон Оперейтинг Компани», «Газпром ЭП Интернэшнл Б.М.» компаниялари масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, илмий-тадқиқот, лойиҳалаштириш институтлари ва олий ўқув юртлари олим ва мутахассислари иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз нефть-газ саноати миллий иқтисодиётнинг локомотивларидан бири бўлиб келмоқда. Нефть-газ тармоғи кўплаб саноат тармоқлари, хусусан, автомобилсозлик, электротехника сингари соҳаларнинг жадал ривожланишига муҳим ҳисса қўшмоқда.

Ҳозирги вақтда юртимизда 250 га яқин углеводород кони бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи истиқлол йилларида очилган. Шу билан бирга мутахассисларнинг фикрича, қазиб чиқариш мураккаб бўлган қатламларда катта миқдордаги нефть ва газ захиралари мавжуд. Бу эса мазкур захираларни чиқариб олишга тайёрлаш учун мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилган илғор технологиялардан фойдаланишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз олимларининг бу йўналишда олиб бораётган илмий изланишларини амалиётга фаол татбиқ этиш нефть ва газ конларининг ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда маҳаллий илмий жамоатчиликнинг ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлигини кенгайтириш имконини беради.

Тадбирнинг «Ўзлитинефтгаз» акциядорлик жамиятида ўтказилиши олимлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур муассасада қирққа яқин муаллифлик ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ва патентлар олингани жамиятнинг илмий имкониятлари ошиб бораётганини кўрсатади.

Анжуманда олим ва мутахассислар томонидан 70 маъруза тақдим этилади. Шундан 41 маъруза бешта шўъбада тингланиб, олимлар ва ишлаб чиқарувчилар томонидан муҳокама этилади, 29 маъруза эса стендларда намойиш қилинади. Маърузалар замонавий инновацион ёндашувлар қўлланилишини ҳисобга олган ҳолда нефть ва газ конларини фойдаланишга тайёрлаш, нефть ва газга бой қатламларни излаш ва моделлаштириш, қудуқларни бурғилаш ва ўзлаштириш, нефть ва газ конларидан фойдаланиш, экология меъёрларига қатъий амал қилиш сингари масалаларга бағишланган.

Баён қилинган ғоя ва рационализаторлик таклифларининг амалиётда қўлланилиши нефть ва газни қайта ишлаш ва нефтгаз кимёси корхоналарининг барқарор фаолият кўрсатиб, пировардида ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
2 026






Все о погоде - Pogoda.uz